АҚШ президенти Дональд Трамп Нигерияда насронийларнинг оммавий тарзда ўлдирилишини кескин қоралаб, бу ҳолат давом этишига йўл қўймаслигини билдирди. Унинг айтишича, Нигерияга нисбатан “турли ҳарбий вариантлар” кўриб чиқилаётгани мумкин.
Флоридадан Вашингтонга парвоз вақтида журналистлар саволларига жавоб берган Трамп, Нигерияга зарба бериш эҳтимоли ҳақида сўралганда “ҳар нарса бўлиши мумкин”, деб жавоб берди. “Мен кўп нарсаларни тасаввур қила оламан”, — деди у.
Трамп 31 октябрь куни Truth Socialдаги саҳифасида Нигерияда “насронийларнинг оммавий ўлдирилиши”ни танқид қилиб, мамлакатни “алоҳида ташвишли давлат” деб атади. Кейинчалик у АҚШ ёрдамини тўхтатиш ва ҳатто ҳарбий зарба бериш эҳтимолини ҳам тилга олди.
Шунингдек, Трамп Венесуэлага нисбатан ҳам “махфий режалар” борлигини таъкидлаб, “бу ҳақда очиқ гапириш керак эмас”, деди.