Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп консерватив бошловчи Хю Хюит билан радиога берган интервьюсида аввалроқ Ғазо секторига ташриф буюрганини айтди. Бироқ унинг президентлик даврида ҳам, тадбиркорлик даврида ҳам бундай ташриф ҳақида ҳужжатли далиллар йўқ.
“Бу [Ғазо] «Монако»дан ҳам яхшироқ бўлиши мумкин. У Яқин Шарқдаги энг яхши жойлашувга, энг яхши сувга, энг яхши ҳамма нарсага эга. У энг зўр, мен буни кўп йиллар давомида айтаман. Биласизми, мен у ерда бўлганман ," деди Трамп.
Трамп сайловолди кампаниясидаги ёрдамчиси вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида «Ғазо Исроилда» ва Трамп Исроилга ташриф буюрганини айтди. Бироқ, халқаро қонунларга кўра, Ғазо сектори ҳеч қачон Исроилнинг бир қисми бўлмаган.
Собиқ президент америкалик яҳудийларни қўллаб-қувватламагани учун танқид қилди: “Мен Исроил учун ҳаммадан кўра кўпроқ иш қилдим. Мен яҳудий халқи учун ҳаммадан кўра кўпроқ иш қилдим. Ва бу ўзаро эмас, улар айтганидек.»
Трампнинг бу сўзлари, агар у сайловда ғалаба қозонса, Яқин Шарқ минтақасига потенциал ёндашуви ҳақида яна саволлар туғдиради. Исроилда баъзилар, жумладан, Бош вазир Бенямин Нетаняхунинг ҳукмрон коалициясида ўта ўнглар Ғазони қайта босиб олиш ва аннекция қилиш ғоясини қўллаб-қувватламоқда.
Исроилни қўллаб-қувватлаш ҳар доим Трамп сайловолди кампаниясининг асоси бўлиб келган. Унинг тарафдорлари унинг президент сифатидаги қатор қарорларини, жумладан, АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш ва Исроил ва баъзи араб давлатлари ўртасидаги муносабатларни нормаллаштирган Иброҳим келишувларини олқишлади.
Бу ташаббуслар Трампнинг Исроилдаги собиқ элчиси Девид М. Фридман ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер томонидан илгари сурилган. Трамп Исроил учун ҳаммадан кўра кўпроқ иш қилганини бир неча бор айтди. У, шунингдек, демократ номзод Камала Харрис ҳокимият тепасига келса, Исроил мавжуд бўлишни тўхтатади, деб таъкидлади.