Дональд Трамп келаси ҳафтадан бошлаб Европа Иттифоқидан импорт қилинадиган енгил ва юк автомобилларига 25 фоизгача бож жорий этилишини маълум қилди. У бу қарорни ЕИнинг АҚШ билан савдо келишувларига “риоя қилмаётгани” билан изоҳлади.
Трампнинг таъкидлашича, АҚШ ҳудудида ишлаб чиқарилган автомобиллар мазкур тарифлардан озод қилинади. Шу билан бирга, у мамлакатда 100 миллиард доллардан ортиқ инвестиция ҳисобига янги автомобиль ва юк машинаси заводлари қурилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу заводлар америкаликлар учун кенг кўламли иш ўринлари яратади ва саноатни кучайтиради.
Аввалроқ, АҚШ Олий суди президентнинг 1977 йилги қонундан фойдаланиб тариф жорий этиш ваколати чекланганини билдирган эди. Мазкур қонун асосан миллий фавқулодда ҳолатларда қўлланилади. Бироқ янги автомобиль тарифлари бошқа ҳуқуқий асосга таянади ва шу сабабли ушбу қарор Олий суднинг мазкур ҳукмига боғлиқ эмас, дея ёзади Financial Times.