АҚШ президенти Дональд Трамп музокаралар жараёнидан норозилик билдирган ҳолда Эронга қарши кейинги зарбалар беришга мойил.
Бу ҳақда Axios нашри манбаларга таяниб хабар бермоқда.
Манбаларга кўра, Америка етакчиси жума куни эрталаб АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, Пентагон котиби Пит Хегсет, Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф ва бошқа маъмурият расмийлари билан учрашув ўтказган. Учрашув давомида Трампга музокаралар жараёни ва улар муваффақияциз тугаган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган сценарийлар ҳақида маълумот берилди.
Манбага кўра, АҚШ президенти сўнгги кунларда "музокаралар жараёнидан тобора кўпроқ норози бўлиб бормоқда".
Axios нашри хабарига кўра, сешанба куни Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху билан телефон орқали суҳбат чоғида Трамп "дипломатияга яна бир имконият беришга" тайёрлигини билдирган, аммо пайшанба куни кечқурун у зарба беришга мойил бўлган.
"Трампга яқин манбанинг айтишича, президент якуний, "ҳал қилувчи" йирик ҳарбий операция эҳтимоли ҳақида гапирган, шундан сўнг у ғалабани эълон қилиши ва урушни тугатиши мумкин", деб ёзади портал.
Axios манбаларига кўра, Трамп "кейинги зарбаларни жиддий кўриб чиқмоқда", бу эса сўнгги дақиқада дипломатик ютуқ эҳтимолини истисно қилиши мумкин.