Трамп шунингдек, "ғалаба" эълон қилиш имкониятини сақлаб қолишни ҳам ўйламоқда, деб ёзди Time.
Журналнинг ёзишича, Трамп "ғалаба" эълон қилиш имкониятини сақлаб қолган ҳолда, Эрон билан урушни тезкор якунлаш йўлларини излаяпти.
Нашрга кўра, замонавий тарихдаги энг йирик нефт инқирози бошланганидан бир ой ўтиб, глобал иқтисодий ўсиш прогнозлари кескин пасаймоқда, Европа ва Осиёда танқислик юзага келиб, энергия трейдерлари эса дунё ҳали оқибатларнинг тўлиқ оғирлигини ҳис қилмаганидан огоҳлантирмоқда. Ҳўрмуз бўғозининг узоқ вақт ёпилиши жаҳон иқтисодиётини инқирозга олиб келиши мумкин.
Журнал маълумотларига кўра, Трамп ўз қўл остидагиларга ҳарбий кампанияни тўхтатишни хоҳлаётганини айтди. У оралиқ сайловлар олдидан республикачиларнинг позициясига путур етказиши мумкин бўлган чўзилиб кетган низодан хавфсираган. Шу билан бирга, у амалиёт ҳал қилувчи муваффақиятга эга бўлишини истайди. Унинг иттифоқчиларига кўра, президент ғалаба эълон қилиш, жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий зарар янада жиддий тус олгунча иқтисодий вазият барқарорлашидан умид қилиш йўлини излаяпти.
"Жуда оз вақт қолди", — дейди администрациянинг юқори лавозимли мулозими.
Time’нинг ёзишича, Трамп учун асосий хавф шундаки, яқин ҳафталарда ҳарбий кампаниянинг кучайтирилиши чекиниш йўлларини яратишдан кўра, уларни кўпроқ ёпиб қўйиши мумкин. Ички муҳокамаларда миллий хавфсизлик органларининг айрим вакиллари президентни урушнинг давом этиши Теҳронни жиловлаш ўрнига, унинг амбицияларини янада ошириши мумкинлигидан огоҳлантиради.
"Администрация энди мураккаб вазифага дуч келаяпти: жуда кам натижага эришилди деган таассурот қолдирмасдан, юзага келган вазиятдан чиқиш йўлини топиш лозим. Трамп тасаввур қилганидан кўра, у ағдармоқчи бўлган режим ўрнига барқарорроқ ва Ғарбга дўстона ворис режим яратиш қийинроқ бўлиб чиқяпти. Уруш худди "кўрсичқонни ур" деган машъум ўйинни эслатмоқда", – дея таърифлайди администрация мулозимларидан бири. Бунда зарбалар бирин-кетин раҳбарларни ҳокимиятдан четлатиб мулозимлар эса харобалар ичидан пайдо бўлиши мумкин бўлган ҳаётий муқобил қидириш билан овора", — дейилади мақолада.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ иттифоқчиларининг бир қисми уруш давом этиши тарафдори. Исроил бош вазири Нетаняху ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон умумий душманни заифлаштириш учун ноёб имконият сифатида урушни чўзишга мойил. Лекин улар ҳам Трамп томонидан белгиланган муддатларга боғлиқ эканликларини тан олишади.