Бугун 8 май, 2026 йил, жума

O'ZB

Трамп: АҚШ «Ал-Қоида»нинг Арабистон яриморолидаги етакчисини ўлдирди

A A A
Трамп: АҚШ «Ал-Қоида»нинг Арабистон яриморолидаги етакчисини ўлдирди

«Ал-Қоида» террорчилик ташкилотининг Арабистон яриморолидаги гуруҳи (AQAP) етакчиси Қосим ар-Римий АҚШ ҳарбийлари Яманда ўтказган аксилтеррор амалиёт натижасида ўлдирилган. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилди.

«Ар-Римий бошчилик қилган даврда AQAP Ямандаги тинч аҳолига қарши қонли террорчилик ҳаракатлари уюштирилган, шунингдек, у бир неча бор америкалик ҳарбийларга ҳужум уюштиришга уринган.

Унинг ўлими гуруҳни ва «Ал-Қоида»ни янада кучсизлантиради. Бу эса бизнинг миллий хавфсизлигимизга бўлган жиддий таҳдид бартараф этилиши демакдир», деганпрезидент. У амалиёт қачон ўтказилганини аниқ айтмаган.

CNN телеканали маълумотига кўра, АҚШ ҳарбийларининг учувчисиз учар қурилмаси 31 январь куни Мариб шаҳри яқинида жангарилар позициясига зарба берган. Қосим ар-Римий билан унинг ўринбосари Айман аз-Заваҳирий ҳам ўлдирилган.

Қосим ар-Римий «Ал-Қоида»га 1990-йилларда қўшилган. АҚШ AQAP гуруҳини «Ал-Қоида»нинг энг хавфли тармоғи деб ҳисоблар эди.

Бундан аввалроқ «Ал-Қоида» Флоридадаги ҳарбий базага уюштирилган ҳужум бўйича масъулиятни ўз зиммасига олганди. Кўнгилсиз ҳодиса 2019 йилнинг декабрида содир бўлган: саудиялик ҳарбийлар денгизчиларга қарата ўт очган, уч киши ҳалок бўлган, яна саккиз киши жароҳат олган эди.

Manba: kun.uz

Киритилди: 05:00 08.02.2020. Ўқилди: 2687 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!