Фарғона вилоятидаги Expo Kollor Prin Teks пахта-тўқимачилик кластери раҳбари Абдуқаҳҳор Абдувоҳидович Жўрабоев Тошлоқ туманининг янги ҳокими этиб тайинланди. Жўрабоевнинг ушбу лавозимга тайинланиши ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев 6 июнь куни Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида айтиб ўтган.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун Тошлоқ тумани ҳокими Шуҳратжон Абдусаломовни вазифасидан озод этиш бўйича кўрсатма бергани маълум қилинган эди. Абдусаломов 2018 йил мартидан бери туманга раҳбарлик қилиб келаётган эди. У билан бирга туман солиқ бошқармаси бошлиғи ҳам ишдан олинган.

Expo Kollor Prin Teks ҳақида

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, масъулияти чекланган жамият кўринишидаги Expo Kollor Prin Teks компанияси 2007 йил 18 июнда ташкил этилган. Регистрда кўрсатилган фаолият тури — пахта толаларини тайёрлаш ва йигириш; устав фонди 4,3 миллиард сўм. Компания раҳбари сифатида Абдуқаҳҳор Жўрабоев кўрсатилган.

Тошлоқнинг янги ҳокими кимга қариндош? (ФОТО)

Скриншот: «Stat.uz»

Компаниянинг 95,70 фоиз улуши Абдулазиз Абдувоҳидович Жўрабоевга, 3,60 фоизи Муножатхон Маъмуржоновна Жўрабоевага, 0,70 фоизи Муйдинжон Пўлатович Исмоиловга тегишли. Ўз навбатида Муножатхон Маъмуржоновна Жўрабоева Президент маслаҳатчиси ўринбосари Абдурашид Абдувоҳидович Жўрабоевнинг рафиқасидир.

Абдурашид Абдувоҳидович Жўрабоев ҳақида

Абдурашид Жўрабоев 2019 йил сентябридан бери Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовнинг ўринбосари ҳисобланади. Ушбу тайинловга қадар у Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти мудири лавозимида ишлаган. 2005—2010 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлган, палатанинг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси сифатида ишлаган.

Тошлоқнинг янги ҳокими кимга қариндош? (ФОТО)

Абдурашид Жўрабоев

Айни вақтда Абдурашид Абдувоҳидович Жўрабоев Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Мадаминович Ғаниевнинг жияни — Дониёр Авазович Ғаниевнинг қайнотасидир. Дониёр Ғаниев 2019 йилги парламент сайловларида 110-Марғилон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган (номзоди «ЎзЛиДеП»дан кўрсатилган), палатанинг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси ҳисобланади. Дониёр Ғаниев янги парламентнинг энг ёш ва кўзга кўринган вакилларидан бири сифатида эътироф этилади.

Абдурашид Жўрабоев ва Абдуқаҳҳор Жўрабоев 1990 йилларда Ўзбекистон алоқа вазири сифатида фаолият кўрсатган Абдувоҳид Жўрабоевнинг фарзандларидир.

Манба: daryo.uz