Бугун 4 июнь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Тошкентнинг 5 та ҳудудида электр таъминотида узилишлар кузатилди

Тошкентнинг 5 та ҳудудида электр таъминотида узилишлар кузатилди

Тошкент шаҳрининг бир қатор ҳудудларида электр таъминотида вақтинча узилишлар кузатилди. Мазкур ҳолат метро поездлари ҳаракати ҳамда бекатлардаги ёритиш тизимлари фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатди.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, бугун, 4 июнь куни соат 12:41 да Тошкент иссиқлик электр станциясидаги трансформаторда носозлик юз берган. Бунинг оқибатида Миробод, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида вақтинча узилиш кузатилган.

Соат 13:01 да ушбу носозлик бартараф этилиб, 13:22 да барча истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ қайта тикланган.

Шаҳар электр тармоқларида юзага келган юқори кучланишдаги узилиш сабабли Тошкент метрополитенининг «Ўзбекистон», «Чилонзор» ҳамда «Юнусобод» йўналишларида электр таъминотида ҳам қисқа муддатли узилиш кузатилган. Бу эса метро поездлари ҳаракати ҳамда бекатлардаги ёритиш тизимлари фаолиятига ўз таъсирини кўрсатган.

Вазият метрополитен мутахассислари томонидан зудлик билан назоратга олиниб, электр таъминоти тўлиқ тиклангунга қадар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида захира генераторлари ишга туширилган. Ушбу тизимлар ёрдамида метрополитен фаолияти узлуксиз назорат қилиниб, поездлар ҳаракати хавфсизлиги таъминланган.

«Ҳозирги вақтда электр таъминотида қисқа узилишлар кузатилмоқда, метро поездлари ҳаракати масъул ходимлар томонидан назорат қилинмоқда. Юзага келган ноқулайликлар учун йўловчиларимиздан узр сўраймиз», дейилади Тошкент метрополитени хабарида.

Киритилди: Бугун 14:35. Ўқилди: 309 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!