Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги йўл қатнов қисмида пойга уюштириб, фуқароларнинг ҳаётини хавфга қўйган ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини кўпол равишда бузган икки йигитга жазо тайинланди.
Тошкент шаҳри Йўл ҳаракати хавфсизлиги хабарига кўра, бошқармага 22 март куни соат 03:40 да Lacetti ва Onix автомобилларида пойга уюштирилаётгани, ҳаракат қоидалари билан бирга жамоат тартиби бузилаётгани юзасидан тезкор маълумот келиб тушган.
Мазкур кўчадаги камера ёзувлари ва гувоҳларнинг кўрсатмаси асосида ўтказилган суриштирувлар давомида Lacetti русумли автомобилда 27 ёшли Рамиз Исломов ва Onix русумли автомобилда 21 ёшли Азимжон Абдусатторов бўлгани аниқланган.
Шу куннинг ўзида машиналар жарима майдонига қўйилган. Ҳужжатлар судга юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди қарорига кўра, икки йигитнинг ҳар бирига 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси юқоридаги шахсларнинг қонунбузарликларидан жабрланган фуқаролардан ички ишлар органларига мурожаат қилишни сўради.