Сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
Маълумотга кўра, шаҳар муҳитининг юқори чангланиши шароитида энг тезкор самарали чоралардан бири — йўл қопламаси ва унга яқин ҳудудларни намлашдир. Бу усул илмий асосга эга бўлиб, дунёнинг кўплаб йирик шаҳарларида ифлосланиш авж олган даврларда қўлланилади.
Шу сабабли, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ободонлаштириш бошқармаси томонидан йўл қопламасига сув сепиш ва яшил ҳудудларни суғориш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, бу йилги фавворалар мавсуми тугаган бўлишига қарамай, пойтахтдаги барча фавворалар ҳамда микроиқлим қурилмалари ишга туширилмоқда.
Нега бу усул самарали?
🔵Чанг зарраларини камайтириш
Ҳаво ифлосланишининг асосий манбаи — ПМ10 ва ПМ2.5 ўлчамдаги майда чанг зарраларидир. Йўл намланганда ушбу майда заррачалар сув билан аралашиб, ерга чўкади ва атмосферага қайта кўтарилиб кетишининг олди олинади.
🔵Иккинчи даражали чангланишни камайтириш
Автомобиллар ҳаракатланаётганда йўл юзасидаги қуруқ чанг доим кўтариб туради. Намланган йўл эса "иккиламчи чангланиш"ни сезиларли камайтиради. Халқаро тадқиқотларга кўра, бу кўрсаткич шаҳар ПМ чиқиндиларининг 25–40% ини ташкил қилиши мумкин.
🔵Микроиқлимни совитиш
Йўлларга сув сепиш ва яшил зоналарнинг суғорилиши ҳароратни пасайтиради. Юқори ҳароратда чанг ҳавода узоқроқ вақт сақланиб қолади, ифлослантирувчи моддалар кимёвий реакциялари тезлашади. Намлаш эса бу жараённи секинлаштиради ва заррачаларнинг тезроқ чўкишини таъминлайди.
🔵Яшилликни қўллаб-қувватлаш
Ифлосланишнинг юқори даврларида дарахт ва буталарни суғориш — фақат парвариш эмас, балки шаҳар табиий филтрларини қўллаб-қувватлашдир. Ўсимликлар чангни барглари орқали ушлаб, ҳаводаги ПМ миқдорини камайтиради.
Йўлларга сув сепиш муаммони бутунлай ҳал қилмайди, аммо бир неча соат ичида чанг миқдорини сезиларли даражада камайтирадиган тезкор чора ҳисобланади.
🛡Шу сабабли, ҳокимият томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган тизимли ишлар билан бир қаторда:
🔵иссиқхона хўжаликларида рейдлар ўтказиш,
🔵қозонхоналарга филтрлар ўрнатиш,
🔵экологик назоратни кучайтириш чоралари кўрилмоқда.
Йўлларга сув сепиш ҳам шаҳарда ҳаво ифлосланишини камайтиришга қаратилган комплекс ёндашувнинг бир қисмидир.