Бугун 19 май, 2025 йил, душанба

O'ZB

Тошкентда ижарада яшаган беш талабанинг ўлимига ис гази сабаб бўлган

A A A
Тошкентда ижарада яшаган беш талабанинг ўлимига ис гази сабаб бўлган

Тошкентнинг Юнусобод тумани «Фирдавсий» маҳалласи Инжобод кўчасидаги хонадонда 27 февраль куни соат тахминан 20:50 атрофида шу ерда ижара асосида яшаган беш талабанинг мурдаси топилган эди. Илк расмий маълумотларда йигитлар «номаълум моддадан ўткир заҳарланиш» оқибатида вафот этгани таъкидланган, бироқ гап айнан қайси модда ҳақида бораётганига аниқлик киритилмаган эди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» банди (одам ўлишига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) аломатлари билан иш очилгани, бу эса ўлимлар, катта эҳтимол билан, ис гази оқибатида юз берганига ишора қилганига қарамай, фожиага овқатдан заҳарланиш ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Талабаларнинг айнан нима сабабдан вафот этгани дастлабки даврда уларнинг яқин қариндошларига ҳам маълум қилинмаган эди.

Юнусободдаги ушбу фожиага бир ой тўлиши муносабати билан «Дарё» иш бўйича айрим тафсилотларни очиқлашни сўраб Бош прокуратура матбуот хизматига мурожаат қилди.

Бош прокуратура ахборотида таъкидланишича, воқеа жойидан олинган озиқ-овқат маҳсулотлари Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик хизмати томонидан текширишдан ўтказилган. Хонадон эгаси Г.М., вафот этганлар билан бирга ижарада яшаган Н.А., «Бунёдкор-дудбўрон хавфсизлиги» компаниясининг дудбўронлар печка устаси З.Х. батафсил сўроқ қилинган.

«Шунингдек, 26 февраль куни соат 22:00 дан 27 февраль куни соат 09:00 оралиғида Инжобод кўчасидаги уйга қандай кучланишда табиий газ юборилгани ва одатий кунда табиий газ кучланишининг миқдори ҳақида ‘Ҳудудгазпойтахт"ан ҳамда Гидрометеорологик хизматидан шу вақт оралиғида бўлган об-ҳаво маълумотлари олинди», — дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Бош прокуратурадан «Дарё»га маълум қилишларича, бешала йигитнинг бари «ис газидан ўткир заҳарланиш натижасидаги ўткир нафас ва юрак қон-томирлари етишмовчилиги» оқибатида вафот этган. Бу Республика суд тиббиёт экпертиза илмий-амалий марказининг 15 мартдаги якуний хулосалари билан тасдиқланган.

Ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этган беш талаба:

  • Тошкент ахборот технологиялари университети иккинчи курс талабаси Мавлонбек У. (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшаган);
  • Тошкент ахборот технологиялари университети иккинчи курс талабаси Раҳматулло С. (1998 йилда туғилган, Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшаган);
  • Тошкент ахборот технологиялари университети иккинчи курс талабаси Давронбек Ғ. (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Хўжаобод туманида яшаган);
  • Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти иккинчи курс талабаси Оятулло И. (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшаган);
  • Тошкентдаги Инҳа университети биринчи курс талабаси Сардорбек Ҳ. (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшаган).

Маълумот учун, Юнусободдаги ушбу фожиадан сўнг бутун Ўзбекистон бўйлаб ижарада яшаётган талабаларнинг аҳволини ўрганиш бошланди, талабалар учун турар жойлар қуриш масаласи бош мавзулардан бирига айланди.

Киритилди: 15:41 29.03.2021. Ўқилди: 3278 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!