Жорий йил 2 май куни Тошкент шаҳрида Европа куни кенг миқёсда нишонланади. Ушбу сана муносабат билан пойтахтда Европа Иттифоқи фестивали ташкил этилади. «Бу Европа жамоаси руҳидаги очиқ шаҳар тадбири бўлиб, бир маконда халқаро лойиҳалар, ЕИга аъзо мамлакатлар элчихоналари ва бугунги кунда мавжуд имкониятларни яхшироқ тушунишни истаган инсонлар учрашади», – деб хабар берди ЕИ делегацияси. Фестивал доирасида Европа Иттифоқи молиялаштираётган дастурларнинг вакиллари билан бевосита мулоқот қилиш, таълим, кўникмаларни ривожлантириш, экология, ҳамжамиятларни қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа йўналишлардаги халқаро ташаббуслар Ўзбекистонда қандай ишлаётгани борасида қимматли маълумотлар олиш мумкин. Дастурнинг алоҳида қисми ЕИ мамлакатлари билан жонли танишув бўлиб, элчихоналар ўз туризм салоҳиятини, таълим олиш имкониятларини ва маданий хилма-хилликларини тақдим этади. Болалар ҳамда катталар учун енгил ва очиқ шаҳар байрами форматидаги фестиваль интерактив зоналарни ҳам ўз ичига олади. Ташкилотчиларга кўра, қизиқувчилар тадбирга оила аъзолари ва яқинлари билан ташриф буюриши мумкин. Кириш бепул. Европа Иттифоқи фестивали 2 май куни соат 11:00–16:00 да Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида (Мустақиллик шоҳкўчаси, 2) бўлиб ўтади.