Тошкент шаҳрида Буюк Британиянинг Қироллик жамғармаси (The King’s Foundation) билан ҳамкорликда Анъанавий санъатлар мактаби ташкил этилиши мумкин. Унинг мақоми қўшимча таълим ташкилотига тенглаштирилади. Бу борада Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди. Қайд этилишича, мазкур қарор анъанавий ва амалий санъат соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этиш, академик ва илмий алмашинувларга кўмаклашиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришни назарда тутади. Мактабнинг асосий йўналиши миллий ва халқаро таълим стандартларига мувофиқ ҳолда анъанавий ва амалий санъат соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш ҳисобланади. Мактаб Ислом цивилизацияси маркази қошидаги Хаттотлик мактабининг Тошкент шаҳри, Олмазор туманида жойлашган биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.