Маълум бўлишича, воқеа 15 июн куни эрталабки соатларда содир бўлган. 9-синфни якунлаган икки нафар ўсмир катталар назоратисиз ҳолда енгил автомобил билан йўлга чиққан.
Ҳаракат давомида рул ортида бўлган ўсмир транспорт воситаси устидан назоратни йўқотган ва йўл четида турган Yutong русумли автобус билан тўқнашган. Автобусда йўловчилар бўлмаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, автомобил оила аъзоларининг рухсатисиз олиб чиқилган. Ҳодисадан кейин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳолат юзасидан текширув ўтказилиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, вояга етмаганларнинг автомобил бошқариши нафақат уларнинг ўзи, балки бошқа йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаёти ва соғлиғи учун ҳам жиддий хавф туғдиради.
Шу муносабат билан ота-оналарга фарзандлар устидан назоратни кучайтириш, транспорт воситалари калитларини қаровсиз қолдирмаслик ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш бўйича тушунтириш ишларини мунтазам олиб бориш тавсия этилди.