25 апрель ҳолатига Тошкент шаҳридаги тадбиркорларнинг 541 нафари “Саховат ва кўмак” ҳаракатига бирлашди. Мазкур корхоналар пойтахтимиздаги 35 557 та оилани ўз оталиғига олди.
Улар карантин даврида эҳтиёжманд оилаларни рўзғори ва кундалик муҳим эҳтиёжлари учун зарур бўлган маҳсулотлар билан таъминлайди.
Муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, камини тўлдириш, оғир шароитда ташлаб қўймаслик каби эзгу одатлар халқимизда азалдан бўлган. Коронавирус пандемияси кузатилаётган ва кўпчилик уйда қолишига тўғри келган айни кунларда эса бу янада авж олди.
Ҳомийлар, сахийлар давлатимизга камарбаста бўлиб, халқимиз, миллатимиз учун хизмат қилмоқда.
Шундай олийжаноб фазилатларга эга халқимиз билан коронавирусни, албатта, енгамиз!, дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.