Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида жамоат транспорти ҳайдовчиси гиёҳвандлик воситасини бевосита автобус ичида сотаётганида қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, 1985-йилда туғилган Л.Д. жамоат транспорти ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. У Бобур кўчасида бошқарувидаги хизмат автобуси ичида шартли харидорга икки дона полиэтилен ўрамдаги гашиш гиёҳвандлик воситасини 400 минг сўм эвазига сотаётган вақтида далилий ашё билан қўлга олинган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчининг ёнидан ҳамда бошқарувидаги автобусдан яна тўққиз дона ўрам, жами 11 ўрамда 5 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасини сотиш мақсадида сақлаб келгани аниқланган. Мазкур моддалар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.