Суд тизимида доимий равишда йўлга қўйилган “Устоз-шогирдлик” анъанасини давом эттириш мақсадида жойлардаги судларда “Уч авлод учрашуви” ташкил этилган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 сентябрдаги тегишли баёнига асосан, жорий йилнинг 4-10 октябрь кунлари “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида “Кексалар ҳафталиги” ҳам ўтказиляпти. Шундай учрашувлардан бири Тошкент шаҳар судида ҳам бўлиб ўтди...
Суд тизимида ишлаган фахрийлар, фаолият юритаётган судьялар ва заҳирадаги бўлажак судьялардан иборат уч авлод йиғилган мазкур тадбирда Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, Олий суд раиси ўринбосари Бахтиёр Исаков, Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактаби вакиллари иштирок этишди.
Учрашувга Каримжон Саидов, Узоқ Бозоров, Тоҳир Мирзаев, Гулчеҳра Махсумова, Мухтабар Хошимова, Ёқутхон Қодирова, Юсуфжон Ибрагимов, Комилжон Юсупов, Зокир Исматуллаев, Салима Эшонқулова сингари қатор фахрийлар ташриф буюришди.
Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев сўзга чиқиб, судьяларга яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар борасида тўхталиб, суд фахрийларига кўрсатилаётган эътибор, хусусан 45 нафар суд фахрийларига моддий ёрдам кўрсатилгани учун ўз миннатдорлигини билдирди. “Одил судловни чинакамига таъминлаш, қонун устуворлиги ва адолатни барқарор бўлишини истайман. Бу масалада барча судьялардан фидоийлик ва қатъиятлиликни бўшаштирмасликни сўрайман. Адолатсизлик, ноҳақлик, эътиборсизлик ва таваккалчилик суд ишида оз бўлсада бўлиши мумкин эмас”, дея ёш судьяларга фахрийлардан ибрат олиш кераклигига тўхталиб, ўз маслаҳат ва ўгитларини ҳам бериб ўтди.
Сўзга чиққан меҳнат фахрийлари эса узоқ йиллик фаолияти давомида орттирган тажрибаларини судьялар ва бўлажак судьялар билан ўртоқлашишди.
Тадбир давомида Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев қаламига мансуб, ўз ичига 8 та мавзуни қамраб олган “Адолат инсонпарварликнинг олий нуқтаси” номли рисоласи судьяларга эсдалик сифатида топширилди.
Учрашув сўнгида Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов суд фахрийларига узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ тилаб, ўз тажрибалари билан бўлишишгани учун миннатдорлик билдирди ва аёл фахрийларга гулдасталар топшрилди.
Таъкидлаш жоиз судьялар томонидан мунтазам равишда узоқ йиллар давомида суд тизимида хизмат қилиб, бугунги кунда нуроний ёшга тўлган фахрийларни жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида уларнинг холидан хабар олиб келинади.