Янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан Тошкент метрополитенида йўловчилар оқими ортишига тайёргарлик кўрилмоқда. Пойтахтдаги олий таълим муассасаларида машғулотларнинг биринчи сменаси соат 08:00 дан бошланиши сабабли эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда поездлар ҳаракати интерваллари қисқартирилади.
Хусусан, Чилонзор йўналишида поездлар 1,5–2 дақиқада, Ўзбекистон йўналишида 3 дақиқада, Юнусобод йўналишида 4 дақиқада, Ер усти ҳалқа йўлида эса 7–8 дақиқада ҳаракатланиши режалаштирилган.
Шунингдек, 2026 йил давомида метро вагонлари паркини 14 та замонавий ҳаракат таркиби билан тўлдириш кўзда тутилган. Ҳозирга қадар 11 та таркиб етказиб берилган.
Йўловчилар хавфсизлиги ва хизмат кўрсатиш сифатини таъминлаш мақсадида тиғиз вақтларда метрополитеннинг барча 50 та бекатида навбатчилик тизими йўлга қўйилган.