АҚШ Гиёҳванд моддаларга қарши кураш бошқармаси марихуанани мамлакатда хавфи камроқ дори сифатида таснифлаш мумкин бўлган таклифни ишлаб чиқди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, AP хабар берди.
Янги таклиф нашани тиббий мақсадларда ишлатишга рухсат беради ва у бошқа дориларга қараганда камроқ зарарли эканлигини тан олади. AP таъкидлашича, агар янги тасниф тасдиқланса, бу бутун мамлакат бўйлаб ўзининг оқибатларига олиб келадиган «тарихий қадам» бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, агентлик манбалари таъкидлашича, тавсиялар АҚШда марихуанани федерал даражада тўлиқ қонунийлаштириш ва ундан кўнгилочар мақсадларда фойдаланишга рухсат беришни англатмайди.
Қўшма Штатларда марихуанадан фойдаланиш федерал даражада тақиқланган, аммо турли штатлар ушбу соҳадаги қонунчиликни мустақил равишда тартибга солиш ҳуқуқига эга. Бир қатор штатларда ва Колумбия округида марихуанадан дам олиш мақсадида фойдаланиш қонунийлаштирилган. 30 дан ортиқ штатлар марихуанани тиббий мақсадларда сотишни жиноят деб ҳисобламайди. Аксарият ҳолларда нашадан саратон, глаукома ва бошқа бир қатор касалликлардан азият чекадиганга, шунингдек, инсульт, шикастланиш ва депрессиядан тикланиш жараёнида фойдаланишга рухсат берилади.
Аввалроқ, АҚШ президенти Жо Байден «ТикТок» ижтимоий тармоғи мамлакатда сотилиши ёки тақиқланиши кераклиги ҳақидаги қоидани маъқуллаган эди.