АҚШнинг Техас штатидаги сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 80 нафарга етди. Бу ҳақда CNN телеканали маҳаллий ҳокимият органларига таяниб хабар бермоқда.
Аввалроқ 50 нафар киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Аммо охирги маълумотларга кўра, Керр округида вазият янада оғирлашган — айнан шу ҳудудда 68 киши ҳалок бўлгани тасдиқланган.
АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати ўз баёнотида, Керр округи ва унга яқин шаҳарларда сув тошқини оқибатида фавқулодда ҳолат эълон қилинганини маълум қилди.
CNN маълумотларига кўра:
Минтақада ярим миллиондан ортиқ аҳоли сув тошқини хавфи остида.
Техас губернатори Грег Эббот ҳукумат барча мавжуд ресурслар, жумладан Миллий гвардия кучларини ҳам офатга қарши курашга сафарбар этганини айтди.
АҚШ президенти Дональд Трамп эса якшанба куни Керр округида табиий офат туфайли расман фалокат ҳолати эълон қилган.
Сув тошқинидан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда. Маҳаллий расмийлар фуқароларни эҳтиёткорликка ва хавфсиз ҳудудларга кўчишга чақирмоқда.