АҚШнинг Техас штати қамоқхоналарида 90 мингга яқин маҳбус учун кондиционерлар ўрнатилиши керак. Федерал судья муассасаларни 2029 йил охирига қадар тўлиқ кондиционер тизими билан жиҳозлаш ҳақида қарор чиқарди.
Маълумотларга кўра, маҳбуслар ёз ойларида экстремал иссиқ шароитда кондиционерсиз қолган. Ташқарида ҳарорат 50 даражагача кўтарилган, қамоқхоналар ичида эса ҳаво ҳарорати янада оғир шароитни юзага келтирган.
Судда маҳбуслар иссиқ туфайли ҳушидан кетиш ҳолатлари бўлганини ва совиш учун турли усуллардан фойдаланишга мажбур бўлганини айтган. Гувоҳларнинг таъкидлашича, айрим маҳбуслар иссиқдан қутулиш учун ҳожатхонадан сув олиб, ўзларини совитишган.
Судья амалдаги шароитларни инсонпарварлик талабларига жавоб бермайди, деб баҳолаган. Даъво ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари, маҳбуслар ва уларнинг вакиллари томонидан берилган.
Суд амалдаги шароит АҚШ Конституциясининг «шафқатсиз ва ғайриоддий жазо»ни тақиқловчи Саккизинчи тузатишига зид эканини қайд этган.
Техас қамоқхоналари учун масъул идора ҳар олти ойда кондиционерларни режалаштириш ва ўрнатиш ишлари ҳақида ҳисобот бериб бориши керак.
Texas Tribune маълумотларига кўра, қамоқхоналарни реконструкция қилиш харажатлари 1,5 миллиард долларгача етиши мумкин. Штатда 310 дан ортиқ қамоқхона ва бошқа сақлаш муассасалари мавжуд.