Бугун 26 июль, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Текин энергия илинжидаги жиноятга жазо муқаррар

Текин энергия илинжидаги жиноятга  жазо муқаррар

Глобаллашув ва иқтисодий ривожланиш даврида энергия ресурслари, айниқса электр энергияси ҳар қандай ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятининг асосий пойдевори ҳисобланади. Давлатимиз томонидан хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг имкониятлар, имтиёзлар ва эркинликлар яратилмоқда. Бундан кўзланган бош мақсад — ҳалол меҳнат орқали юрт фаровонлигига ҳисса қўшиш, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашдир.

Бироқ, берилган эркинликни ўзбошимчалик деб тушунувчи, қонун устуворлигини менсимай, давлат ва жамият мулкига кўз олайтирувчи кимсаларнинг учраб туриши ачинарли ҳолдир. Айрим шахслар ишлаб чиқариш тармоқларини йўлга қўйишда белгиланган ҳуқуқий меъёрларни айланиб ўтишга, ресурс тизимларига ноқонуний уланиш орқали текин бойлик орттиришга интиладилар. Бундай қилмишлар нафақат иқтисодий тизимга путур етказади, балки энергия таъминотининг техник барқарорлигини хавф остига қўйиб, бошқа ҳалол истеъмолчиларнинг ҳам ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлади.

Энг ачинарлиси, муқаддам худди шундай жиноят учун қонун олдида жавоб бериб, давлатнинг инсонпарварлик тамойиллари туфайли енгилроқ жазо чоралари билан қутқарилган шахсларнинг ўз қилмишидан тўғри хулоса чиқармаслигидир.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Сардоба туман суди биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги жиноят иши айнан мана шундай ҳуқуқбузарликнинг аянчли оқибатини кўрсатиб берди.

Суд ҳужжатларига кўра, муқаддам ўғрилик жинояти содир этгани учун озодликни чеклаш жазосини ўтаб келаётган, бироқ бундан тегишли хулоса чиқармаган ЯТТ раҳбари Т. Турдиев (исм шарифлар шартли) такроран жиноий йўлни танлайди. У Сардоба туманида жойлашган ўзига тегишли пахта титиш цехи фаолиятини юритишда амалдаги «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари» талабларини қўпол равишда бузади. Т. Турдиев ҳудудий электр таъминоти корхонаси билан ҳеч қандай шартнома тузмасдан ва махсус ҳисоблагич ўрнатмасдан, умумий фойдаланишдаги ҳаво тармоғига цехдаги катта қувватли электр двигателларини ўзбошимчалик билан, тўғридан-тўғри улаб олади.

Натижада, у тижорат мақсадларини кўзлаб, узоқ вақт давомида электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдаланиб келади ва «Ҳудудий Электр Тармоқлари» АЖ манфаатларига 346 миллион 493 минг сўмдан ортиқ жуда кўп миқдордаги улкан моддий зарар етказади. Ушбу ноқонуний яширин фаолият соҳа мутахассислари томонидан ўтказилган тезкор ўрганиш давомида фош этилиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.

Суд муҳокамаси давомида воқеа жойини кўздан кечириш баённомалари, фотосуратлар ва эксперт хулосалари билан судланувчининг айби тўлиқ исботланди. Ҳимоя томонининг техник узилишлар бўйича келтирган важлари ҳам адолатли ўрганилиб, суд ҳукми ўқилди.

Унга кўра, Т. Турдиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, қонун талабига кўра озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, етказилган барча моддий зарарни ундириш белгиланди.

Ушбу ҳолат давлат мулкини талон-тарож қилиш, қонунларни менсимаслик ва бу усулда жиноятга қўл уришнинг якуни доимо панжара орти билан тугашини англатувчи жиддий сабоқдир.

Жамшид Мамуров,

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман суди раиси

Киритилди: 11:09 18.06.2026. Ўқилди: 1023 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!