Бугун 23 июнь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Танзила Нарбаева Францияга борди

A A A
Танзила Нарбаева Францияга борди

Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси шу кунларда расмий ташриф билан Францияда бўлди. Ташриф доирасида бир қатор учрашувлар ўтказилди. Учрашувлар давомида Ўзбекистон-Франция ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар, ижтимоий, маданий-гуманитар, парламентлараро ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.
Хусусан, “Rothschild&Co” Кузатув кенгаши аъзоси A. Ротшильд билан суҳбат чоғида томонлар халқаро инвестициялар соҳасидаги жорий тенденцияларни, уларни амалга ошириш истиқболларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг асосий активларини хусусийлаштириш дастурларини амалга оширишда компаниянинг тажрибасини самарали қўллашни муҳокама қилди.
Ўз навбатида, Баронесса Ариэль Малар де Ротшильд “Rothschild&Co” молиявий гуруҳи Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга, иқтисодиётни ислоҳ қилишда, жумладан, камбағалликни тизимли қисқартириш масалаларини ҳал этишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида “Rothschild&Co” компанияси иштирокида давлат объектлари ва корхоналарини хусусийлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида доимий ўзаро алоқаларни давом эттиришга келиб олинди.
Делегация ташрифи доирасида “Total Eren” ижро этувчи вице-президенти Фабьен Демол билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Чиндан ҳам бугун бутун жаҳонда яшил энергетикадан кенг фойдаланиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Жумладан, “Total Eren” компанияси Самарқанд вилояти Нуробод туманида 100 МВт қувватга эга фотоэлектр станциясини муваффақиятли ишга туширгани ва бу минтақадаги флагман лойиҳага айлангани таъкидланди. Шунингдек, компаниянинг янги йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш орқали Ўзбекистондаги иштирокини кенгайтиришга интилаётгани билдирилди.
Жумладан, Фабьен Демол хоним “Total Eren компаниянинг ҳозирда Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалари билан фахрланиши, Ўзбекистон билан бундай муваффақиятли мулоқот тажрибаси узоқ йиллар барқарор ўзаро ҳамкорлик асоси бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси Франция миллий мероси институти директори Ш.Персонназ билан ҳам мулоқот ўтказиб, унда икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ш.Персонназ Ўзбекистон раҳбарияти томонидан қадимий меъморчилик ва маданиятнинг ноёб ёдгорликларини реставрация қилиш ва асраб-авайлаш, мамлакатнинг бой моддий-маданий меросини тиклаш, музей ишларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни юксак баҳолади.
Мулоқот чоғида Ўзбекистондаги маданий мерос объектларини реставрация қилиш соҳасида Франциянинг илғор тажрибасини татбиқ этиш муҳимлиги таъкидланиб, хусусан, Франция Миллий мерос институтининг етакчи мутахассисларини жалб этган ҳолда маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш, икки мамлакат етакчи экспертлари иштирокида маданий меросни ривожлантириш юзасидан қўшма амалий семинарлар ўтказишга урғу берилди.
Учрашув якунида Ўзбекистонда маданият ва санъат ҳамда моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш, ўзбек археологлари ва реставраторларини махсус тайёргарликдан ўтказиш ва уларнинг Франция Миллий мерос институтида илмий-техник билим олишлари борасида келишувга эришилди.

Киритилди: 14:29 21.07.2023. Ўқилди: 1122 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!