Бекатда турибман. Бир-икки қадам наридаги чамаси ўттиз ёшлар атрофидаги йигит чўнтагидан сигарет олиб, чека бошлади. Димоғимга урилган сигарет ҳидидан ўзимни четга олдим. Ёш боласини қўлидан тутганча транспорт кутиб турган ҳомиладор аёл ҳам бу ҳолатдан безовталанди...
Илмий тадқиқотларда тасдиқланишича, тамаки тутуни таъсирининг хавфсиз даражаси бўлмайди. Айнан тамаки тутунидан заҳарланиб дунё бўйича йилига минглаб одамлар қурбон бўлмоқда. Уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.
Чекувчилар ўзларининг саломатлигига қайғурмас экан, аммо ён-атрофдагилар, айниқса, ёш болалар, ҳомиладор аёллар соғлиғига жиддий зарар етказаётганини, даҳшатлиси бора-бора улар ўлимига сабабчи бўлаётганини билишармикин? Билишса эди!
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тамаки тутуни юрак ишемик касаллиги ва ўпка саратони каби касалликларни келтириб чиқаради. Бу тутун таъсири остида бўлган болаларда ўткир респиратор касалликлар ривожланиши кузатилади. Яна бир муҳим жиҳат. Тамаки чекиш оила бюджетига ҳам салбий таъсир этади.
– Турли касалликларни келтириб чиқарувчи тамаки тутуни таркибидаги моддаларнинг энг хавфлиси никотиндир, – дейди Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори ўринбосари Анвар Шукуров. – Никотин марказий ва периферик асаб системасига вақтинча қўзғатувчи таъсир кўрсатади, артериал қон босимни оширади, нафасни тезлаштиради. Сурункали чекиш натижасида организм тамакидан кучли заҳарланади, бош оғрийди, оғиз қурийди. Мия фаолиятини яхшилаш мақсадида чекилган нарса кишини ўта чарчатиб қўядиган зарарли иллатга айланади.
Олимлар тамаки чекиш билан сил касаллиги ўртасида бевосита алоқа мавжудлигини аниқлаган. Кашандалар бу касалликка чекмайдиганларга қараганда 2 марта кўп чалинади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тамаки тутунидан холи жойларни ташкил қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари натижасида 21 фоиз мамлакатлар тамаки тутуни таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича қонун қабул қилган. Таълим ва тиббиёт муассасалари чекиш тақиқланган жойлар ичида энг кенг тарқалгани. Бироқ баъзи мамлакатларда тиббиёт муассасаларида чекиш тақиқланмаган.
Ёшлар ўртасида тобора кенг тарқалиб бораётган чилим, электрон сигаретлар зарари ҳам оддий сигаретларникидан кам эмас, балки юқоридир.
Психологик ва тиббий таҳлиллар шуни кўрсатадики, инсон ўз ақли билан ихтиро қилинган ижобий ва салбий нарсаларни баъзан атайлаб, гоҳида эса оқибатини ўйламай татиб ёки фойдаланиб кўришга мойил бўлади. Дунёдаги барча мамлакатлар аҳолиси сингари Ўзбекистонда ҳам зарарли одатга берилган, бунинг зиён-заҳматини тортаётган фуқаролар йўқ эмас. Бу иллатнинг олдини олиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан соғлом турмуш тарзини қарор топтириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Инсон кўп нарсага қодир. Баъзан у ўзи яратган ихтирога қарам бўлиб қолади. Аммо ирода мустаҳкам бўлса, ҳар қандай зарарли иллатдан қутулиш мумкин.
ЎзА