Йемен Қуролли кучлари мамлакат ғарбидаги Таиз вилоятининг 10 та ҳудудида ҳусийлар позицияларига 71 марта зарба берилганини маълум қилди. Бу ҳақда Қуролли кучлар Медиа маркази хабар берди.
Ҳарбийлар баёнотига кўра, ҳужумлар ҳусийларнинг позициялари, кучлари тўпланган жойлар ва қўшимча кучларига қаратилган. Транспорт воситалари ҳамда таъминот техникаси ҳам нишонга олинган.
Армия зарбалар натижасида ҳусийлар сафида йўқотишлар бўлганини ва уларнинг ҳудуддаги ҳужумларни давом эттириш имконияти чекланганини билдирди. Операциялар давом эттирилиши айтилди.
Мамлакатдаги фуқаролар уруши 2014 йилда ҳусийлар пойтахт Сано устидан назорат ўрнатганидан кейин бошланган. 2015 йилдан Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция халқаро тан олинган ҳукуматни қўллаб-қувватлаб келмоқда.