Бугун 18 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Сўхда мактаб директори ва ўқитувчилар ўқувчи талашиб жанжаллашган

Сўхда мактаб директори ва ўқитувчилар ўқувчи талашиб жанжаллашган

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Сўх туманидаги мактабда рўй берган жанжал ҳақида видеолавҳа тарқалди.
Унда мактаб ҳовлисида бир неча одамнинг жанжаллашаётгани, ички ишлар ходими уларни ажратишга уринаётгани ва бу ҳолатни мактаб ўқувчилари томоша қилаётгани акс этган.

Маълум бўлишича, мазкур ҳолат жорий йилнинг 6 сентябрь куни Сўх туманидаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўтказилган «Биринчи қўнғироқ» тадбири вақтида юз берган. Тумандаги "Қалъа" маҳалласи ҳудудида иккита умумтаълим муассасаси — 3 -мактаб ва 2-ИДУМ жойлашган. Мазкур маҳаллада яшовчи аксарият ота-оналар фарзандлари ихтисослаштирилган мактабда таълим олишини истаган ва уларни биринчи синфга 2-ИДУМга олиб борган. 3-мактаб директори эса бу болалар ўзи раҳбарлик қилаётган мактабда ўқиши кераклигини талаб қилиб қўшни мактабга борган ва ўқувчи талашиб жанжал кўтарган.

3-мактаб директори Г.Р. 2-ИДУМ ўқитувчиларига нисбатан ҳақоратомуз сўзларни ишлатиб, уларни ўқувчилар ва ота-оналар олдида камситган, жамиятда ўрнатилган тартиб-қоидаларни қасддан менсимасдан, бақир-чақир қилиб, «Биринчи қўнғироқ» тадбирининг тартибли ўтишига тўсқинлик қилган.

Туман ҳокимлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Унда қайд этилишича, жанжалнинг юзага келишига асосий сабаб ота-оналар фарзандларини 3-сонли мактабда эмас 2-сонли ИДУМда ўқишларини талаб қилиб боришгани бўлган. 3-мактаб директори "болалар лицейда эмас, балки бизнинг мактабда таҳсил олишлари керак, чунки 7 ёшга тўлган болалар 3-сонли мактаб микроҳудудида яшаб, хатловдан ўтказилган ва Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган ERP базаси бўйича 3-сонли умумий ўрта таълим мактабига киритилган” деб иддао қилган. Лекин тадбирда иштирок этган биринчи синф ўқувчиларининг ота-оналари бунга кескин қаршилик билдиришган.

Ҳолат юзасидан туман халқ таълими бўлими мудири томонидан тезкор ишчи гуруҳ ташкил этилиб, мазкур мактабда ўрганиш ишлари олиб борилган. Мактаб директори у томондан содир этилган ноўрин ҳатти-ҳаракатлар қонун доирасида кўриб чиқилиши бўйича огоҳлантирилган. Вилоят халқ таълими бошқармаси ҳам бунга ўз муносабатини билдириб, тегишли ўрганишлар олиб борилаётганини маълум қилди.

Айни вақтда ҳолат юзасидан Сўх тумани ИИБ профилактика инспекторлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Киритилди: 11:24 10.09.2021. Ўқилди: 2757 марта. Фикрлар сони: 2 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!