Суриянинг Ҳалаб шаҳрида бир неча кундан буён мамлакат марказий ҳокимияти армияси ва курдларнинг Сурия Демократик кучлари ўртасида жанглар давом этмоқда. Ҳалабнинг курдлар яшовчи икки туманида артиллерия қўлланган ҳолда олиб борилаётган жанглар сешанба куни бошланган.
Маҳаллий манбаларга кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида биринчи куни олти киши ҳалок бўлган. Ҳалаб соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълум қилишича, 7 январ куни яна камида тўрт киши ҳалок бўлиб, 18 киши яраланган.
Суриялик ҳарбийлар Ҳалабнинг Шайх Мақсуд ва Ашрафия туманларини чоршанба куни соат 15:00 дан “ёпиқ ҳарбий зоналар” деб эълон қилган ва шу билан бир вақтда тинч аҳоли олиб чиқилиши учун “иккита хавфсиз гуманитар йўлак” яратди, деб хабар бермоқда AFP агентлиги.
"Биз уларни ўзлари истаган жойга олиб бориб қўямиз ёки кўчирилганлар учун бошпаналарга жойлаштирамиз", – деди Ҳалабдаги фуқаролик мудофааси кучлари раҳбари Файзал Муҳаммад Али. Унинг сўзларига кўра, жанглар бўлаётган ҳудудларни 10 мингга яқин одам тарк этган.
Сурия ҳукумати армияси Ҳалабнинг Шайх-Мақсуд ва Ашрафия туманларидаги қонуний ҳарбий нишонларга зарба бераётганини маълум қилди. Дамашқ вакилларининг сўзларига кўра, уларнинг бўлинмалари курд жангариларининг ракета ва артиллерия орқали йўллаган зарбалари, шунингдек, дронлар орқали уюштирилган ҳужумларига жавобан ўт очган. Курд кучлари эса, аксинча, жанглар қайтадан бошланишида Дамашқни айблади.
Расмийлар Ҳалаб аэропорти фаолияти тўхтатилганини эълон қилди, шаҳарда мактаблар, университетлар ва давлат муассасалари ҳам ёпилди. Шунингдек, шаҳар марказидан Туркия билан чегара томон олиб борувчи кўплаб кўчалар тўсиб қўйилган.
Сурия курдлари фуқаролик уруши даврида мамлакатнинг шимоли-шарқий қисмида, шунингдек, Ҳалабда ўз мухтор ҳудудларини ташкил этишганди. Дамашқдаги янги ҳокимият билан 2025 йил март ойида тузилган келишувга мувофиқ, курдларнинг қуролли тузилмаси ҳисобланган Сурия демократик кучлари 2025 йил охиригача тўлиғича Сурия армияси таркибига қўшилиши кўзда тутилганди. Аммо бу режа амалга ошмади ва томонлар бунда бир-бирини айбламоқда.