Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шараа мамлакатнинг Ливанга ҳарбий аралашув режаси йўқлигини маълум қилди.
Унинг Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида таъкидлашича, мавжуд инқирозни фақат дипломатик йўл билан ҳал этиш мумкин.
«Суриянинг Ливанга ҳарбий аралашув режаси йўқ. Биз Ливан ҳукумати билан инқирозни ҳал қилиш бўйича комплекс ёндашув устида мувофиқлашган ҳолда ишлаяпмиз», — деди Аҳмад аш-Шараа.
Президентнинг сўзларига кўра, Ливандаги барқарорлик Сурия учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. У қўшни мамлакатдаги беқарорлик Сурияга ҳам бевосита таъсир кўрсатишини таъкидлаб, Ливанни барқарорликка олиб чиқадиган ечимни биргаликда ишлаб чиқиш зарурлигини билдирди.
Аҳмад аш-Шараа Сурия бундай стратегияни ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини айтди. Бироқ ушбу комплекс ёндашувнинг аниқ тафсилотлари ҳозирча очиқланмаган.