Сунъий интеллект жаҳон молия бозорларида кескин қулашга сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.
Нашр ўз мақоласида АҚШ фонд бозоридаги сўнгги йиллардаги спекулятив “мини-пуфаклар” ва уларнинг иқтисодиётга таъсири таҳлил қилинган.
Мақолада айтилишича, 2008−2009 йиллардаги глобал молиявий инқироздан кейин АҚШ фонд бозорида спекулятив пуфаклар тез-тез юзага келмоқда.
Бироқ улар аввалгидек бутун иқтисодиётни инқирозга олиб келмаяпти. Айрим компания ёки тармоқлар акциялари кескин қимматлашиб, кейин тез арзонлашмоқда, аммо умумий бозор бунга бардош бера оляпти.
WSJ мақоласининг энг муҳим хулосаларидан бири СИ бозорига оид хавфлардир. Нашрда яқин тўрт йил ичида сунъий интеллект маълумотлар марказлари ва инфратузилмасига қарийб $7 трлн инвестиция киритилиши мумкинлиги қайд этилади.
Агар бу улкан инвестициялар компанияларга етарли даромад ва меҳнат унумдорлиги ўсишини таъминламаса, СИ атрофидаги бугунги оптимизм ҳам навбатдаги йирик молиявий пуфакка айланиши мумкин. Айниқса, бу инвестициялар тобора кўпроқ қарз ҳисобидан молиялаштирилса, хавф янада ортади.
Ҳозирча СИ билан боғлиқ компанияларнинг аксарияти даромадли ва молиявий жиҳатдан кучли бўлса-да, инвесторларнинг кутган натижалари амалга ошмаса, акциялар кескин қадрсизланиши эҳтимоли мавжуд.
WSJ хулосасига кўра, АҚШ фонд бозори сўнгги йилларда спекулятив пуфакларни аввалгига қараганда енгилроқ бошдан кечирмоқда.
Бироқ сунъий интеллект соҳасига йўналтирилаётган улкан маблағлар кутилган иқтисодий самарани бермаса ёки қарз юкининг ошиши давом этса, бугунги СИ бумининг оқибатлари аввалги мини-пуфакларга қараганда анча жиддий бўлиши мумкин.