Сунъий интеллект яқин ўн йил ичида «бутун инсониятнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлиши мумкин». Anthropic компаниясида сунъий интеллектдан хавфсиз фойдаланиш масалалари бўйича эксперт Эван Хьюбингер шундай фикр билдирди. Унинг баҳосига кўра, бундай сценарий амалга ошиши эҳтимоли тахминан 10 фоизни ташкил қилади.
Эван Хьюбингер X ижтимоий тармоғидаги постида ҳозир мавжуд сунъий интеллект моделлари билан боғлиқ хавфлар нисбатан кичик эканини таъкидлади. Бироқ сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши натижасида янги моделлар шундай даражада мустақилликка эришиши мумкинки, улар инсоният мавжудлигига таҳдид сола бошлайди.
Унинг бу баёноти Financial Times нашри Anthropic ўзининг энг янги моделига Британия сунъий интеллект хавфсизлиги институти (AISI)га кириш имконини бермагани ҳақида хабар берган бир пайтда янгради. AISI сунъий интеллект билан боғлиқ хавфларни баҳолаш билан шуғулланувчи етакчи ташкилотлардан бири ҳисобланади.
Би-би-си изоҳ олиш учун Anthropic компаниясига мурожаат қилди.
Хьюбингер келажакда сунъий интеллект тизимлари инсониятга айнан қандай тарзда ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида батафсил маълумот бермади.
Унинг баёноти шу ҳафта Anthropic компаниясидан ишдан кетган, аввалроқ OpenAIда фаолият юритган сунъий интеллект соҳаси эксперти Жейкоб Коксоннинг X ижтимоий тармоғидаги постига жавоб тариқасида янгради.
«Ушбу компанияларнинг ҳеч бири ўзини масъулиятли тутмаяпти», — деб ёзди Жейкоб Коксон Anthropicдан кетиш қарорини изоҳлар экан.