Жиззах вилояти солиқ бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларида яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва харидорлар ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида тизимли назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 7 август куни вилоят солиқ бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида Жиззах шаҳри, Тошкент кўчаси, 4А-уйда жойлашган “BLACK CASH” МЧЖга (номи ўзгартирилган) қарашли “AL-ARABIA” тунги клубида сайёр солиқ текшируви ўтказилди.
Текширув давомида қуйидаги жиддий қонунбузилиш ҳолатлари фош этилди:
Харид чеки берилмаган: Муассаса ходимлари томонидан мижозга амалга оширилган харид учун 290 000 сўм нақд пул эвазига харид чеки тақдим этилмаган.
Кассага кирим қилинмаган маблағ: Шохобча хазинаси масъуллар иштирокида саноқдан ўтказилганда, жами 3 200 000 сўм нақд пул шохобчада ўрнатилган ОНКМга (онлайн назорат-касса машинасига) кирим қилинмагани маълум бўлди.
Тизим интеграция қилинмаган: Тунги клубда ички ҳисоб-китоб учун автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари мавжудлиги ва ушбу қурилмалар солиқ органлари базасига интеграция қилинмагани аниқланди. (Ушбу ҳолат бўйича Солиқ кодексининг 227¹-моддасига асосан 2-чоракдаги соф тушумдан келиб чиқиб жавобгарлик чораси қўлланилади).
Норасмий ишчилар: Тунги клуб ходимлари солиқ ҳисоботлари билан солиштирилганда, 10 нафар ходим солиқ ҳисоботларида акс эттирилмагани, яъни норасмий фаолият юритаётгани аниқланди.