Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Солиқ ходими Бухорода 3-синф ўқувчисини ўлимдан сақлаб қолди

Солиқ ходими Бухорода 3-синф ўқувчисини ўлимдан сақлаб қолди

Жорий йилнинг 22 ноябрь куни 15:30 лар атрофида Бухоро вилояти Ромитан тумани ДСИ давлат солиқ инспектори Суннат Жумаев ҳамкасби Хусниддин Хайриддинов билан туманнинг А.Навоий маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига жисмоний шахсларнинг солиқ қарзини ундириш учун боради.

ДСҚ Матбуот хизмати хабарига кўра, ДСИ ходимлари “Хайробод” канали ёнидан ўтиб кетаётганларида чўкаётган ёш болани кўриб қоладилар. Суннат Жумаев зудлик билан машинани тўхтатиб, ҳеч иккиланмай ёрдам бериш мақсадида ўзини сувга отади. Ҳаво ҳарорати 2 даража совуқ бўлишига қарамай, Суннат Жумаев чўкаётган болани қутқариш учун музли сувга шўнғийди.

Болани қирғоққа олиб чиқади, совуқотган бўлса-да, бола ҳали тирик. Канал атрофида йиғилган аҳоли вакиллари болани таниб, зудлик билан кийимини алмаштириш ва исиниб олиши учун уйига олиб кетадилар.

Аниқланишича, қутқариб қолинган бола Шаҳромбек Зарипов бўлиб, у Ромитан туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабининг 3-синфида ўқийди. Ўша куни у ўқишдан қайтаётган маҳал сув солинган идиши (термоси)ни тўсатдан каналга тушириб юборади.

Уни олиш илинжида бола тез оқаётган, паст ҳароратли сувга тушиб, тўғри ҳаракатлана олмайди. Шу вақтда солиқ ходими уни қутқариш учун ёрдамга ошиқади. 

Шаҳромбекнинг яқинлари ўз фарзандининг ҳаётини сақлаб қолгани учун Суннат Жумаевга чексиз миннатдорчилик билдирдилар. Ҳозирда бола ўзини яхши ҳис қилиб, соғлиғига ҳеч қандай зарар етмаган.

Давлат солиқ қўмитасининг буйруғига асосан Суннат Жумаевга кўрсатган жонбозлиги учун Фахрий ёрлиқ ва солиқ хизматининг I даражали инспектори унвони навбатдан ташқари тақдим этилди.

Давлат солиқ хизмати ходимининг қаҳрамонона хатти-ҳаракати чуқур ҳурмат ва эҳтиромга муносиб!

 

 

Киритилди: 10:40 29.11.2019. Ўқилди: 2464 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!