👤 Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ноқонуний дори воситалари айланмасига чек қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
1️⃣ Хусусан, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида Паркент туманидаги “Паркент эркин иқтисодий” зонасида жойлашган фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи МЧЖда текширув ишлари амалга оширилди.
Натижада корхона омборхонасида яроқлилик муддати тугаган 55 840 дона “Меновазин”, 25 000 дона “Водород пероксиди”, 50 800 дона “Этил спирти” ҳамда 28 млн 270 минг донадан ортиқ ёрлиқ ва этикеткалар сақланаётганлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, яроқлилик муддати тугаган дори воситаларини 2025-2026 йилларда ишлаб чиқарилган деган маълумотлар билан қайта қадоқлаб, сотувга чиқариш режалаштирилган.
2️⃣ Пойтахтда кузатилган ҳолатда эса Фарғона шаҳрида яшовчи, 1987 й.т. фуқаро тўхтатилиб, унинг қўл юклари белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган, тахминий қиймати 763 млн сўмни ташкил этувчи 19 турдаги жами 6 597 дона дори воситалари борлиги аниқланди.
Дастлабки суриштирув жараёнида мазкур шахс дори воситаларини Ҳиндистондан олиб келиб, сотишни ўзининг 1984 й.т. таниши билан биргаликда амалга ошириши аниқланиб, унинг хонадони ҳам кўздан кечирилди.
Натижада тахминий қиймати 48 млн сўмга тенг бўлган 107 дона дори воситалари борлиги маълум бўлди.
🧛 Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича ашёвий далил сифатида олинган дори воситаларига нисбатан экспертиза текшируви тайинланиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
📗 Таъкидлаш жоизки, ноқонуний равишда олиб кирилаётган ёки яширин тарзда тарқатилаётган дори воситалари фуқаролар саломатлигига жиддий хавф туғдиради. Шу боис аҳолидан дори воситаларини фақат расмий дорихоналардан харид қилиш, уларнинг келиб чиқиши ва сифатига алоҳида эътибор қаратиш сўралади.
💎 Бу каби ҳолатларга дуч келганда эса ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беришингиз мумкин. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.