Бугун 12 октябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

СИ соҳасида молиявий пуфак пайдо бўлиши мумкин

СИ соҳасида молиявий пуфак пайдо бўлиши мумкин

Баффет индикатори сунъий интеллект соҳасида молиявий пуфак хавфидан огоҳлантирди.

АҚШ фонд бозори ҳолатини баҳолаш учун қўлланиладиган америкалик инвестор Уоррен Баффет ишлаб чиққан индикатор сунъий интеллект (СИ) соҳасида молиявий пуфак пайдо бўлиши эҳтимолидан дарак берувчи даражага етди. Бу ҳақда Newsweek журнали ёзди.

Баффет индикатори илк бор 2001 йилда Fortune журналида эълон қилинган. У АҚШда биржада рўйхатга олинган барча компанияларнинг умумий бозор қийматини мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) билан таққослайди. Long Term Trends сайти маълумотларига кўра, 7 октябрь ҳолатида кўрсаткич рекорд даража — 236,67 фоизга етган.

Newsweek таъкидлашича, индикатор Баффетнинг ўзи инвесторлар «олов билан ўйнаётган» давр сифатида таърифлаган оралиққа кирган.

Бу АҚШ акцияларининг умумий бозор қиймати мамлакат ЯИМидан икки баравардан кўпроқ эканини англатади. Нашрнинг ёзишича, бу бозор активлари ортиқча баҳоланаётгани ва сунъий интеллект соҳасидаги молиявий пуфак ёрилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтираётган омиллардан биридир.

Баффетнинг таъкидлашича, индикаторнинг шунга ўхшаш тез ўсиши интернет-компаниялар акциялари ҳаддан ташқари қиммат баҳоланган «доткомлар пуфаги»дан олдин ҳам кузатилган.

Motley Fool консалтинг компанияси маълумотларига кўра, АҚШ фонд бозорининг қарийб учдан бир қисми «Етти буюклик» деб аталувчи компанияларга тўғри келади. Улар — Alphabet, Amazon, Apple, Meta (Россияда экстремистик ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган), Microsoft, Nvidia ва Tesla. Ушбу компанияларнинг деярли барчаси сунъий интеллект соҳасига йирик сармоя киритмоқда ва сўнгги йилларда улар акциялари қийматининг ўсишига айнан шу йўналиш сезиларли таъсир кўрсатган.

Newsweek келтирган Goldman Sachs маълумотларига кўра, 2022 йил охиридан бери сунъий интеллект билан боғлиқ компанияларнинг умумий бозор капиталлашуви 27 триллион долларга ошган.

Бу эса компанияларнинг бозор қиймати уларнинг даромадларига нисбатан анча тез ўсиб бораётгани ҳақида хавотирларни келтириб чиқармоқда. Агар сунъий интеллектга киритилаётган инвестициялар ўзини оқламаса, инвесторларнинг бу соҳага бўлган қизиқиши кескин пасайиб, бозорда ваҳима юзага келиши мумкин.

Bain & Company ҳисоб-китобларига кўра, ваъда қилинган барча маълумотлар марказлари ва ҳисоблаш қувватларига сарфланган харажатларни қоплаш учун 2030 йил охирига келиб соҳа йилига 2 триллион доллар даромад келтириши керак бўлади.

Киритилди: 21:39 10.10.2026. Ўқилди: 1012 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!