Уйга капалак кириб қолибди. Миттигина. Қанотлари кўкимтир. Унсиз типирчилаб у деворга урилади, бу деворга урилади. Ана! Қанотларини жон ҳолатда силкиб, учиб бордида, дарпардага қўнди. Худо билсин, эрталабдан бери ёруғ дунёга чиқиб кетиш илинжида питирлайвериб ҳолдан тойгандир...Синчиклаб кузатиб турдим. Билдимки, капалак нур шу ердан тушаётганини сезиб турибди. У ёқда, ташқарида офтоб бор. Эркинлик бор... Тоза ҳаво... Гулзорлар... Шўрлик! Билмайдики, башарти бирон инсофли одам дейлик, мен, пардани бир четга суриб, йўл очиб берганим тақдирда ҳам, капалак барибир озодликка чиқолмайди. Дераза ёпиқ... Ташқарида ёруғ олам кўриниб туради. Аммо деразадан тушаётган нур – қалбаки нарса... Ўртада тўсиқ бор. Ҳаммаси – ёлғон! Ҳаммаси – алдов! Нурли келажак деб одамларни алдаш мумкинку! Сен ким бўпсан, биродар! Оддийгина капалаксан, холос!
Manba: azon.uz