Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Шишада чўкаётган умр ёки Қоратоғдан қулаш

Шишада чўкаётган умр ёки Қоратоғдан қулаш

Нархи: 20.000, 30.000, 35.000 сўм оралиғида
Яроқлилик муддати: боғланиб қолсанг бир умр…
“Тўхтатишим керак”, “Бугун тўхтатаман”, “Энди тўхтатолмайман…” базан мана шундай силтовлар билан зое ўтаётган умрларни кузата туриб, ўша нарсани яратган олим нима учун ўзини ўлдирганига жавоб топгандай бўламан. Бу таъриф соғлом турмуш тарзига раҳна солаётган, миллионлаб оилаларни бузиб, айрим гумроҳларнинг ҳаётига зомин бўлаётган спиртли ичимликлар ҳақида. Биз соғлом турмуш тарзини қандай яратиш кераклиги ва унинг аҳамияти ҳақида озми кўпми биламиз. Бу йўналишда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳам хабардормиз. Бугун эса, соғлом турмуш тарзига соя солаётган зарарли одатлар, уларнинг келиб чиқиши ва олдини олиш хусусида сўз боради. Гоҳо “Алкашнинг қизини келин қилмайман”, “Алкашнинг ўғлига қизимни бермайман” каби гап сўзларни эшитиб қоламиз. Эшитамз-у, шўрлик бегуноҳ фарзандда нима айб? –дея хўрсинамиз. Лекин ўша йигит ёки қизнинг отасини пешонасига “Алкаш” деган тамға қачон ва нима учун босилди, муаммонинг илдизи қайерда, булар ҳақида ўйлаб кўрмаганмиз. Балки бу “тамға” ҳаёт йўлининг қайсидир бурилишида “ҳаракат”ини йўқотган кимсаларга босилар… Бир нарса аниқки, ҳеч бир инсон онасининг қорнидан “пиёниста” бўлиб туғилмайди. Кимлардир тўқликдан, кимлардир йўқликдан бу йўлни танлайди. Айримлар эса, қандайдир дард ёки ташвишни унутиб, кайф уммонига ғарқ бўлиш учун қадаҳ кўтаради. Ва алал оқибат қадаҳлар шишаларга уланиб, қадаҳ тутувчи ўша “уммон”га чўкиб ғарқ бўлади. Агар ичкилик инсонни ғам-аламдан фориғ этиб, муаммоларни ҳал этганида эди бу дунёда бахтсиз инсон бўлмаган бўларди. “Алкоголизм” касаллигининг келиб чиқиш сабабларига тўхталар эканмиз, унинг оқибатлари , сўнги манзили қайергача боришини ҳам айтиб ўтиш зарур. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) дунё миқёсдаги алкагол статистикаси бўйича ҳар беш йилда бир марта ушбу муаммони кенг тадқиқ қилади. Бу мавзу бўйича сўнги таҳлилий ҳисобот 2014-йилда нашр этилган. Статистика шундай дейди: алкоголизм умумий қабул қилинган фикрларга кўра, мақоми, маълумоти ва даромади паст бўлган ижтимоий гуруҳларга хосдир. Ҳар йили дунёда ўртача ҳисобда ўлимнинг 4% спиртли ичимликларни ҳаддан ташқари истеъмол қилиш натижасида содир бўлади. Бу 2,5 млн. кишига тўғри келади.
Бахтсиз ҳодисалар- 29,6%
Анкологик касалликлар- 21,6%
Жигар сирози- 16,6%
Юрак қон-томир касалликлари- 14%
Бошқа сабаблар- 18,2%
Алкогол ичимликлар таъсирида турли хил жиноятлар содир этилади. Спиртли ичимликларга қарам бўлган аёлларда кўпинча паст насллар туғилади. Ота-оналар ичкиликбозлигининг тарбиявий таъсири болалар учун жуда салбий ва оиланинг моддий таъминоти учун ҳам зарардир. Айниқса, бу иллат жамиятнинг равнақига салбий таъсир қилиб, бу иқтисодиётдаги таназзулга ва ҳатто сиёсий инқирозларга олиб келиши мумкин. Танганинг иккинчи томони бўлгани каби, дунё аҳолисининг 48% ҳеч қачон спиртли ичимликларни истеъмол қилмас экан. Шукурки, биз ичкиликка муккасидан кетган халқ эмасмиз. Бу албатта бизнинг миллий менталитетимиз ва инсонпарварлик деб номланган эзгу фазилатларимиз меваси. Қадриятларимизда ҳалол ва ҳаром деган тушунчалар чегараси аниқ белгиланган. Бироқ афсуски, гуруч курмаксиз бўлмагани каби, орамизда худога илтижо қабилидаги дуосифат сўзлардан фойдаланиб, қадаҳ сўзлари айтгувчилар, давраларда қадаҳ тутганча “оллоҳ узоқ умр берсин”, “соғлигинг учун оламиз” дея тилак билдиргувчилар ҳам йўқ эмас. Нақадар маънавиятсизлик: Спиртли ичимликни истеъмол қилиб туриб, мустаҳкам саломатлик тилаш… Бу ўринда Умар Ҳайёмнинг қуйидаги рубоийси эсимга тушади:
“Май ичсанг оқил-у, доно билан ич,
Ёки бир гул юзли зебо билан ич.
Оз-оз ич, гоҳ-гоҳ ич, ҳам яширин ич,
Эзма, расво бўлма ҳаё билан ич.”
Ҳа, шоирнинг бу мисралари менинг юқоридаги инкор қилгандай туюлиши мумкин. Бироқ мисраларга теъранроқ назар соладиган бўлсак,
“Эзма, расво бўлма, ҳаё билан ич” мисраларидаги чуқур мантиқни англаш мумкин. Минг шукроналар бўлсинким, ЖССТнинг алкоголь ичимликлар истеъмоли борасидаги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон энг охирги ўринларнинг бирини эгаллайди. Бироқ бу дегани муаммога тўлалигича барҳам берилди, дегани эмас. Зеро, ён-атрофимиздаги спиртли ичимликка муккасидан кетган дўстимизни, яқинимизни тўғри йўлга, тўғри ҳаётга қайтишига кўмаклашмас эканмиз, жиноятчилик, турли пасткашликлар болалайверади. Бу ҳақида мутахассислар, алкоголизмга чалинган беморни даволашдан олдин, беморнинг нима сабабдан спиртли ичимлик ичишни бошлагани ҳақида мулоҳаза юритиш керак, дея таъкидлайдилар. Медитсина шундай дейди: спиртли ичимликлардан воз кечиш мумкин. Бунинг асосий шарти-шифокор тавсияларидан фойдаланиб, бўш вақтнинг аниқ жадвалини тузиш, спиртли ичимлик дозаси камайтирилиши ва аста-секин нолга олиб келиш зарур. Энг муҳими, оғир психологик вазиятларда тушкунликка тушмаслик. Стресс, нафрат ва ғазабни бошқариш. Жисмоний фаоллик, севимли машғулот алкоголизм ҳақидаги фикрларни чалғитишга ёрдам беради. Яна бир усули- яқинларингиз давраси, сизни тушунадиган одамлар. Уларнинг ёрдами ҳам алкоголизмни енгишда муҳим.
Бир инсонни танийман. У кўп ичар, аммо унинг нима учун бу қадар алкоголь қарамига айланиб бораётганини ҳеч ким, ҳатто оила аъзолари ҳам билмасди. У эса, бир стакан ароқ ичиш учун маҳалладаги айтилган ва айтилмаган тўйларга бораверар, хумори тутса дуч келган хонадон эшигига кириб бориб тиланчилардек пул сўрар, бутун умри шиша ичига “чўкиб” борарди. Ёши олтмишга юзлашган, кап-катта оила бошлиғининг қилаётган бу беъмани одатидан аёли шўрлик азият чекарди. Нима бўлдию, ароқхўр отанинг кенжа ўғли айни навқирон ёшда қандайдир, юрак хасталигига чалиндию ишлари чаппасига кетди. Рўзғоридан барака кўтарилди. Кўплар отасининг қилмиши фарзандига урган дейишади… Ким билади, балки ростдан шундайдир. Балки бу ҳақиқатдан йироқдир. Аммо бир нарса аниқки, номаъқул ва ҳаром қилмиш ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди. Ўша шўрлик йигит ўзининг хасталигини унутиб, отасининг “дард”ига даво излаб кўп жойларга даволатгани олиб борди. Олиб бораяпти… Тўғри, кун келиб ўша йигит отасини даволатиши, ҳаётга қайтариши мумкин, бироқ бу каби, шишанинг тубига “чўкиб”, “ғарқ” бўлаётган бошқа умрлар қачон ҳаётга қайтади? Ким қайтаради?

Азиза МАДРАҲИМОВА

Manba: kar24.uz

Киритилди: 06:54 14.11.2019. Ўқилди: 3003 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!