Бугун 19 ноябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Шимолий Кореяликлар қандай ҳаёт кечиради?..

A A A
Шимолий Кореяликлар қандай ҳаёт кечиради?..

Сабаби равшан. Шимолий Корея фуқаросига мамлакат ичкарисидаги ҳаёт ҳақида сўзлаш қатъиян тақиқланган. Агар ҳукумат раҳбарлари қайсидир фуқаро хориждан келган журналистга ўз ҳаёти ҳақида ҳақиқатни сўзлаб берганидан хабар топса, тамом, у узоқ муддатга қамалади, ёки қал этилади, ёки бўлмаса учта авлоди навбатма-навбат турмаларда жазо муддатини ўтайди. Шунинг учун мухбирдан икки суҳбатдош исми-шарифи, яшаш манзилини ошкор этмасликни сўрашди. Мухбир ваъда берди.

— Бизнинг мамлакатда, — деди исми-шарифи ўзгартирилган аёл Сун Хи. — Ким Чен Ин илоҳ даражасида кўрилади. Унинг ҳақиқатан илоҳлигига шубҳа қилишга ҳаққимиз йўқ. Бу фикрни қарсаклар билан қабул қилишимиз талаб этилади. Шимолий Корея ҳукумат раҳбарлари Ким Чен Ин ҳамма нарсани билиши, билимдон, тадбиркор ва адолатли ҳукмдор эканини деярли ҳар куни биз фуқароларга уқтириб, сингдириб чарчашмайди...

Ўзининг айтишича, Сун Хи хоним журналистларга ўз мамлакати, Ким Чен Ин ҳақида гапириб бериб катта хавфни бўйнига олаётган экан. Билиб қолишса, уни ё узоқ муддатли қамоқ, ё ўлим кутиши тайин экан. Қамоқхоналарда эса қийноқлар, калтаклашлар, номусга тегиш орқали жазолашлар аристонни ҳолдан тойдиради. Ўлимга ҳукм этмасалар-да, шу қийноқ ва маразликлар дастидан барибир ўлиб кетади.

— Ким Чен Инни фуқароларимиз жуда кўп танқид остига олишади, — давом этди Сун Хи. — У катта бизнес билан шуғулланади. Бизнинг ҳалол ишлаб топган пулларимизни тортиб олади. Тортиб олиш учун ҳукуматнинг минг хил айёрона усуллари бор.

«АМЕРИКА БИЗНИ БИР-БИРИМИЗДАН АЙИРДИ...»

Сун Хи эри ва икки қизи билан аҳилликда яшаркан. Улар бозорда савдо яхши бўлган пайтлар кунига уч маҳал овқат тановул қилишади. Савдонинг мазаси қочса, фақат гуруч ҳамда маккажўхори дони билан чекланишга мажбур бўлишади. У савдо қилаётган бозорда савдогарлар овқатдан тортиб кийим, контрабанда йўли билан олиб келинган жиҳозларни сотишади. Шундай бозорлар тахминан 5 миллиондан ортиқ одамни боқади. Озиқ-овқат маҳсулотларининг энг керакли турлари дўконларда карточка асосида сотилади. Аммо Сун Хи сира ношукрлик қилмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу аёлнинг айтишича, Ким Чен Ин ким бўлишидан, қандай шафқатсиз юртбоши бўлишидан қатъи назар бозорларга тегмай қўйди. Кейинги ойларда аҳолига кенгроқ йўл очиб берди. Демак, ўтган асрнинг 90- йилларидаги очарчиликка йўл қўйилмайди. Ахир, ўшанда очликдан Шимолий Кореянинг бир миллионга яқин аҳолиси ўлиб кетганди-да!..

— Бозорлар кейинги вақтларда ғийбатнинг уясига айланган, — ҳикоясини давом эттирди Сун Хи. — Ўша ерда яқинда Америка президенти бизнинг мамлакатга ташриф буюриши мумкинлигини эшитиб қолдик. Очиғи, биз Америка президентини ҳам, бу мамлакатни ҳам танимаймиз. Лекин ҳаммамиз Американи ёмон кўрамиз. Сабаби, шу давлат бизни жанублик миллатдошларимиздан айирди. Бир-биримизга бизларни ёвлаштириб қўйди...

Ҳа, яна бир гап, яқиндан бери ҳукуматимиз раҳбарлари жанублик қўшнилар билан қайта дўстлашишимиз зарурлигини уқтира бошлашди. Шахсан Ким Чен Иннинг ўзи ҳам шунинг тарафдори эмиш...

Яна айтишдики, агар ҳаётимиз янада тўкин бўлишини истасак, Америка билан ҳам дўст тутинишимиз лозим экан.

ЭНДИ ОДАМЛАР ЙЎҚОЛМАЯПТИ...

Мухбир Шимолий Корея армияси ҳарбийларидан бири Чол Хони ҳам суҳбатга тортди. Ҳарбий айтдики, мамлакат ичкарисида одамлар кундалик ҳаётдан нолишгани нолишган.

— Мана шундай норозиликлар натижасида айтилган гаплар, — деди Чол Хо. — Яқин-яқинларда ҳам қандайдир йўллар билан ҳукумат раҳбарларининг қулоғига етиб қоларди. Улар эса гапирганни бир зумда топишарди. Кейин ўша одам изсиз ғойиб бўларди. Шубҳасиз, бу фуқаро интизом кучайтирилган колонияга ташланади. У ерда одам чидай олмас даражадаги қийноқларга маҳкум этилади. Ўзига ўзи қабр ковлашгача мажбурлашади. Жазо сифатида яна маҳбуснинг номусини поймол қилишади. Шундай колонияларнинг ҳар бирида ўртача 20 минг нафардан маҳбус сақланади. Шукрки, кейинги ойларда изсиз йўқолиб қоладиганлар сони кескин камайди. Ҳукуматимиз раҳбарларига инсоф киргани рост бўлсин...

ПАСТДАГИ ШАҲАРДАН КЕЛТИРИЛГАН МЕЛОДРАМА

Чол Хо телевидение, кино масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. У айтдики, телевидение орқали фақат Шимолий Корея телеканаллари томонидан тайёрланган кўрсатувлар эфирга узатилади. Башарти кимдир четдан контрабанда йўли билан фильм олиб кирса, у камида 10 йил муддатга қамалиб кетади. Шимолий Корея ҳукумати хориж фильмларига қарши шафқатсиз кураш олиб боради. Шунда ҳам барибир йўлини қилиб флэшкаларда фильмлар олиб келадиганлар кўп. Бироқ хориж фильмини ярим тунда, телевизор овозини ниҳоятда пастлатган ҳолда кўриш лозим...

Чол Хонинг тан олиб айтишича, умри бино бўлиб хорижлик одамни жонли тарзда кўрмаган. Фақат Шимолий Кореяликларнигина кўриб ўрганган экан. Дунёда қандай гаплар, одамлар қандай яшаши ҳақида умуман маълумотга эга эмаскан. Қандай даҳшат!..

— Бизда кундалик ҳаёт оғир кечса-да, — деди Чол Хо. — Барибир Шимолий Корея фуқаролари бир-биридан яхши. Илгари шу ҳаётга ортиқ чидай олмаганлар йўлини қилиб Жанубий Кореяга қочиб ўтарди. Бу билан ҳаётини хавф остига қўярди. Тўғри-да, қўлга тушганлар шафқатсизларча ўлдириб юбориларди. Ҳозир жанубга қочадиганлар камайди. Мабодо кимдир жанубга ўтиб келса, ундан қаерга борганини сўрашса, «Пастдаги шаҳардан келдим» деб қўя қолади. Бу асосан контрабанда билан шуғулланувчиларга хос жавоб. Нега деганда, фақат ўшаларгина тез-тез оиласини, ўз ҳаётини хавфга қўйган ҳолда таваккал қилади, Жанубий Кореяга чегарачиларни чалғитиб ўтади-ю, бекитиқча бизнесини давом эттираверади. Ишқилиб, жанубликлар билан энди-энди уйғона бошлаган дўстлигимизга кўз тегмасин! Ҳукумат раҳбарларига инсоф берсин!

tut. by

Киритилди: 19:01 31.05.2018. Ўқилди: 4442 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар