“Айвони Садр” қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга “Нишони Покистон” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Президент Асиф Али Зардорий Покистоннинг олий мукофотини давлатимиз раҳбарига тантанали равишда топширди.
Ушбу нуфузли мукофот кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларнинг муносиб эътирофи ҳамда Ўзбекистон халқига дўстона муносабат ва чуқур ҳурмат ифодаси экани қайд этилди.
Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклиги мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб боришига ишонч билдирилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур юксак мукофот турли йилларда Буюк Британия Қироличаси Елизавета II, АҚШ Президенти Ричард Никсон, Жанубий Африка Республикаси Президенти Нельсон Мандела, Таиланд Қироли Пхумипон Адульядет, БАА Президенти Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён, Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзиньтао, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Саудия Арабистони Валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва бошқаларга берилган.