Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Шавкат Мирзиёев: «Ҳатто декабрда ҳам пахта терилгани ҳали ҳаммамизнинг ёдимизда»

Шавкат Мирзиёев: «Ҳатто декабрда ҳам пахта терилгани ҳали ҳаммамизнинг ёдимизда»

Жиззах замини ери ҳосилдорлиги, майдонининг бепоёнлиги ва барча турдаги маҳсулот етиштириш учун мос келиши билан алоҳида ажралиб туради.

Лекин, шу вақтгача бу салоҳиятни ишга сола олмаганимиз ҳам ҳақиқат. Биргина мисол, пахта етиштириш - қанча машаққат ва оворагарчиликлар, катта сарф-харажатлар билан амалга оширилгани, ҳатто декабрда ҳам пахта терилгани ҳали ҳаммамизнинг ёдимизда.

Яратилган имкониятлар, кластерлар ташкил этилгани, инвестиция ва техника олиб келингани бугун ўз самарасини бермоқда. Бу йил етиштирилган мўл-кўл ҳосилни ўзларингиз кўрдинглар. Фурсатдан фойдаланиб, қарийб 260 минг тонналик пахта хирмонини бунёд этиб, юзи ёруғ бўлган деҳқонларимиз, фермерларимиз ва кластерларимизни самимий табриклайман ва уларга чуқур миннатдорчилик билдираман.

Бундан буён, ердан олинадиган иқтисодий самарани кескин кўпайтириш – аграр соҳадаги ислоҳотларнинг асосий мақсади бўлади. Гап вилоятда бир гектардан ҳозирда олинаётган 1 минг доллар ўртача даромадни 5 баробаргача ошириш тўғрисида бормоқда.

Бунинг учун, қуйидаги ишлар амалга оширилади: 100 минг гектар пахта ва ғалла майдонларида замонавий агротехнологияларни қўллаш ҳамда янги навларни жорий этиш ҳисобига ҳосилдорлик пахтада ўртача 60 центнергача, ғаллада эса - 90 центнергача олиб чиқилади; бу майдонларда сув тежовчи технологияларни жорий қилишга 500 миллиард сўм субсидия берилади; 78 минг гектар экин майдонининг сув таъминоти ва 40 минг гектарнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилади. Бунинг учун бюджетдан 1,5 триллион сўм ажратилади.

Бир нарсага эътибор қилинг. Юқорида айтиб ўтилган агрологистика марказлари учун йилига 1 миллион тонна сифатли, халқаро стандартларга жавоб берадиган, сертификатланган мева-сабзавот керак. Буларни етиштиришни ҳозирнинг ўзидан режа қилиб, ҳар бир туманда тизимли ишларни ташкил қилишимиз лозим. Бунинг учун ҳосилдорликни ошириш ҳисобига 16 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари танлов асосида аҳолига 50 сотихгача узоқ муддатли ижарага берилади ва 35 минг аҳоли бандлиги таъминланади.

Масалан, Шароф Рашидов туманидаги Бобур ва Абдуолимов ҳудудларидаги аҳоли ўз томорқасидаги узум ва анор орасига такрорий ва тўқсонбости экинларини экиш бўйича катта тажрибага эга. Шундан келиб чиқиб, ушбу ҳудудларда пахта ва ғалла ўрнида боғ ва токзорлар барпо этилиб, қатор орасидан 3-4 марта ҳосил олиш ташкил қилинади. Бундан ташқари, 15 мингта хонадонда ихчам иссиқхоналар қуриш учун имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилади. Сув таъминоти оғир бўлган 125 та маҳаллада 700 та қудуқ қазиш ҳисобига 13 мингдан ортиқ хонадоннинг сув таъминоти яхшиланади.

Келгуси беш йилда фойдаланишдан чиққан ва лалми 160 минг гектар майдон ўзлаштирилиб, кооперация усулида маҳсулот етиштириш йўлга қўйилади. Бунда янги ёндашув жорий этилиб, танлаб олинган ер майдонлари аукционга қўйилади ва ерларни ўзлаштириш учун ҳар бир гектарга 10 миллион сўмгача субсидия белгиланади. Бу тажрибани Дўстлик, Арнасой, Янгиобод, Ғаллаорол, Бахмал, Зомин ва Фориш туманларида оборотдан чиққан 10 минг гектар майдондан бошлаймиз. Ушбу ерларда деҳқончилик қиладиган тадбиркорлар ер солиғини гектарига 1 сўм миқдорида тўлайдилар.

Киритилди: 13:51 21.10.2021. Ўқилди: 1717 марта. Фикрлар сони: 4 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!