Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Шавкат Мирзиёев Дональд Трампга нима совға қилди?

Шавкат Мирзиёев Дональд Трампга нима совға қилди?

2018 йилда АҚШ президенти Дональд Трампнинг оиласи ва администрациянинг юқори мартабали вакиллари хорижий давлат раҳбарларидан умумий қиймати 88 420 долларлик совғаларни қабул қилиб олди. Бу ҳақда The New York Times’га таяниб, Spot хабар берди.

Энг қимматбаҳо совғани Мелания Трамп олган — Қатар шайхи унга 23 минг долларлик олтита чинни ликопчадан иборат тўпламни совға қилган. Шунингдек, у Миср президентининг қиймати 10 минг долларлик иккита стул, Ўзбекистон Президентидан 4200 долларлик чойшаб, Бельгия бош вазиридан 1280 долларлик сумкани совға сифатида қабул қилиб олган.

Деярли барча совғалар сақлаб қўйиш учун Миллий архивга топширилган, бироқ улар давлат хизматчиси бўлгани сабаб совғаларни сотиб олиш имконига эга. Масалан, Жаред Кушнер ва Иванка Трамп Иордания қироли ва қироличаси совға қилган 3185 долларлик тўртта билагузукни сотиб олишга қарор қилган.

Трампнинг ўзига топширилган энг қиммат совғани Франция президенти берган. Унга совға қилинган Louis Vuitton гольф сумкасининг нархи 8250 долларга баҳоланган.

Ўзбекистон Президенти Дональд Трампга «Регистон» мажмуасининг кумуш нусхасини ҳам совға қилган. Мазкур миниатюра 2950 долларга баҳоланган.

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистон Президентидан 1580 долларлик ёғоч стол ва стуллар жамланмасини, БАА шаҳзодасидан 1300 долларлик бронза ҳайкалчани, Япония ташқи ишлар вазиридан 1400 долларлик ручка, Молдова бош вазиридан 1060 долларлик коньяк ва картинани қабул қилиб олган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трамп билан 2018 йилнинг майида учрашган эди. Ўшанда икки давлат компаниялари жами 5 миллиард долларлик битимларни имзолашга муваффақ бўлган.

Киритилди: 10:31 25.02.2020. Ўқилди: 4387 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!