Нодир китоблар, бетакрор манбалар инсониятнинг энг бебаҳо бойлиги саналади. Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида очилган “Шарқ китобот санъати дурдоналари” номли кўргазмада ана шундай бебаҳо бойликдан баҳра олиш имконияти яратилган.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари К.Оқилова, Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-маърифий алоқалар тобора равнақ топиб бораётганини таъкидлади.
Айни жиҳатлар мазкур кўргазманинг ташкил этилишида ҳам ўзининг яққол ифодасини топгани билан аҳамиятлидир. Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ходимлари жорий йилнинг апрель ойида Туркияда бўлиб, музейлардаги кўплаб қўлёзма манбаларини ўргандилар.
Мазкур кўргазмада Истанбул шаҳри Тўпқопи саройи музейи ҳамда Турк ва Ислом санъати музейи фондларида сақланаётган китобот санъатининг ноёб намуналарининг факсимиле нусхалари мухлислар эътиборига ҳавола этилган. Кўргазмада намойиш этилаётган асарларнинг бир қисми соҳа мутахассисларининг кичик доирасигагина маълум бўлиб, ўзбекистонлик санъат ихлосмандлари эътиборига илк марта ҳавола этилмоқда.
Тўпқопи саройи музейи кутубхонасида нодир ва ноёб ҳисобланган Шарқ қўлёзмалари сақланади, уларнинг аксарияти китобот ва миниатюра санъатининг нафис ва бетакрор намуналари билан безатилган ҳамда дунё маданий меросининг хазинасидан жой олган. Турк ва Ислом санъати музейи дунёдаги энг йирик ислом ва турк санъати асарларини жамлаган музейлардан бири ҳисобланиб, унда музейнинг ифтихори бўлмиш Қуръони Каримнинг дурдона қўлёзмалари ҳамда ҳаттотлик ва миниатюраларнинг ноёб нодир намуналари сақланади.
– Ўзбекистон биз учун ота макон, – дейди Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен. – Бу юртдан етишиб чиққан алломалар жаҳон илм-фани, маърифати ривожига муносиб ҳисса қўшганлар. Уларнинг тафаккур ёғдуси бугунги ҳамкорлигимиз равнақи йўлини ҳам мунаввар этиб бормоқда.
Кўргазмада ушбу нодир коллекциянинг кичик бир қисми, жумладан, Алишер Навоий портрети, Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асари, Низомий “Хамса”си, Жомий асарлари, Камолиддин Беҳзоднинг шогирди Маҳмуд Музаҳҳиб миниатюралар ишлаган Девон, Ҳофиз Абру куллиёти, “Зафарнома”, “Темурнома”, Саъдий Шерозий достонлари ва бошқа нодир қўлёзмаларга ишланган китобот санъатининг ноёб дурдоналари миниатюралар, шамс, зарварақ, унвон ва жилдларнинг гўзал намуналари намойиш этилаяпти.
Manba: uza.uz