Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид 27 октябрдаги парламент сайловларига қадар Эрон билан уруш бошланиши кутилмаётганини билдирди. У бош вазир Биньямин Нетаньяҳуни сайловолди кампаниясида хавфсизлик таҳдидларидан сиёсий мақсадларда фойдаланишда айблади.
Лапиднинг 103 FM радиостанциясига айтишича, мавжуд разведка маълумотлари Эрон билан янги урушга тайёргарлик кўрилаётганини кўрсатмаяпти. У Нетаньяҳу эҳтимолий ҳужумлар ва ҳарбий можаро ҳақидаги огоҳлантиришлар орқали жамоатчилик эътиборини бошқаришга уринаётганини таъкидлади.
Айни пайтда, The Times of Israel нашри хабар беришича, Нетаньяҳу Тель-Авивдаги Кирия ҳарбий базасида хавфсизлик идоралари вакиллари, жумладан, мудофаа вазири Исраэль Кац билан учрашув ўтказган. Музокараларда Эрон билан кескинликнинг кучайиши, Ғазо сектори ва Ливандаги вазият муҳокама қилинган.
Аввалроқ Нетаньяҳу Исроил душманлари сайловлар арафасида ҳужумлар уюштириши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Лапид эса бу баёнотларни жамиятда қўрқув уйғотишга уриниш деб баҳолади.
Сўнгги сўровларга кўра, Исроилда мухолифат партиялари Нетаньяҳу блокидан олдинда бормоқда. Бироқ улар ҳозирча парламентда кўпчиликни шакллантириш учун етарли ўринларни қўлга киритиши аниқ эмас.