Европанинг нефть билан таъминланиши бўйича вазият кескинлашмоқда. Саудия Арабистонининг давлатга қарашли Saudi Aramco нефть компанияси камида икки нафар европалик нефтни қайта ишлаш корхонасига кейинги ойда уларга хом нефть етказиб берилмаслигини маълум қилган. Бу ҳақда Bloomberg хабардор манбаларга таяниб хабар бермоқда. Таъкидланишича, Саудия Арабистонининг Европадаги бирорта ҳам харидори нефть олмайди.
Бунга хусийларнинг Шарқ–Ғарб нефть қувурига учирувчисиз аппаратлар орқали берган зарбаси сабаб бўлган. Узунлиги қарийб 1200 километр бўлган ушбу қувур Саудия Арабистонининг шарқидаги нефть конларини Қизил денгиз соҳилидаги Янбу порти билан боғлайди. Ушбу йўналиш орқали Саудия Арабистони нефтьни Ҳурмуз бўғозидан фойдаланмасдан ташиши мумкин.
Ҳужумлардан кейин нефть қувурининг иши вақтинча тўхтатилди. Нефть саноатидаги манбалар маълумотларига кўра, учта насос станцияси шикастланган. Уларни қанчалик тез таъмирлаш мумкинлиги ҳозирча номаълум. Баҳолашларга кўра, таъмирлаш ишлари бир неча ҳафта давом этиши мумкин.
Бу Европа учун айниқса муаммоли вазият. Европа нефтьни қайта ишлаш заводлари одатда Саудия нефтини Мисрдаги Сиди-Керир порти орқали қабул қилади. У ерга нефть Янбу портилан келади. Ҳозир харидорлар, эҳтимол, шошилинч равишда муқобил манбалар изламоқда. Масалан, Польша нефть компанияси Orlen кўплаб тендерлар эълон қилди ва бошқа давлатлардан қўшимча нефть етказиб беришни ташкил этди.
Шарқ–Ғарб нефть қувури нефть бозори учун катта аҳамиятга эга. У кунига бир неча миллион баррел хом нефть ташиш имкониятига эга. Шунинг учун ҳужумдан кейин бутун дунёда нефть таклифининг янада қисқариши мумкинлиги ҳақида хавотирлар пайдо бўлди. 18 сентябрь куни Brent нефтининг бир баррели нархи тахминан 104 долларга етди.
Saudi Aramco ҳозирча Европага нефть етказиб бериш тўхтатилиши ҳақидаги хабарларга расман изоҳ бермади. Компания бошқа нефть ташиш йўналишларининг ўтказувчанлик қобилиятини оширишга ҳаракат қилмоқда. Трейдерлар Форс кўрфазидан қўшимча нефть етказиб берилаётганини хабар қилмоқда.