Саудия Арабистони ҳукумати Saudi Aramco давлат нефт компаниясининг Заҳрон шаҳридаги бош қароргоҳига ҳужум уюштирилганини тасдиқлади. Мамлакат Энергетика вазирлиги баёнотига кўра содир бўлган ҳужум оқибатида мажмуа ҳудудида ёнғин юзага келган. Ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган.
Reuters'нинг Saudi Aramco компаниясидаги манбасига таяниб хабар беришича, мажмуа биноларидан бирига баллистик ракета келиб теккан ва унинг юқоридаги уч қаватига зарар етказган.
Саудия Арабистонининг шарқида жойлашган Заҳрон шаҳридаги бош қароргоҳ ҳудудида Saudi Aramco компаниясининг йирик бошқарув маркази жойлашган. Ушбу марказ қуруқлик ва денгиздаги кўплаб нефт қазиб олиш иншоотлари, қувурлар, нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда экспорт терминалларининг фаолиятини бошқаради.
Аввалроқ Саудия Арабистони бошчилигидаги араб давлатлари коалицияси Заҳрон осмонида ракета уриб туширилганини маълум қилганди. Унинг қолдиқлари аҳоли яшайдиган ҳудудга қулаган. Ушбу коалиция Ямандаги ҳусийларга қарши кураш олиб бормоқда.