2024 йил 12-17 февраль кунлари Самарқандда Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция (CMS COP14) иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотига кўра, куни кеча Ўзбекистон ҳукумати ва CMS котибияти томонидан ушбу тадбирнинг расмий логотипи ва шиори тасдиқланди.
Конференция "Табиат чегара билмайди" шиори остида ташкил этилади. Конференция логотипида Ўрта Осиё ёдгорликларининг машҳур жозибали кошинларини эслатувчи нақш билан безатилган қанотли қор қоплони тасвирланган.
Маълумотларга кўра, ёввойи табиатда бор-йўғи 2700 дан 3300 гача қор қоплони мавжуд.
Уч йилда бир марта ўтказиладиган халқаро йиғилишда яшаш муҳитини сақлаш ва тиклаш масалалари, шунингдек, ҳаддан ташқари эксплуатация, яшаш жойларининг йўқолиши ва парчаланиши, ифлосланиш ва иқлим ўзгариши каби турларга таҳдидлар муҳокама қилинади.