Давлат хавфсизлик хизматининг (ДХХ) Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши курашиш йўналишида бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда амалга оширилган тадбирда, Ургут туманида истиқомат қилувчи, 33 ёшли фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, ҳовлидаги дарахт тагига Тожикистондан келтирилган 960 г опий кўмиб қўйилгани маълум бўлди ва ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Ички ишлар ва Божхона органлари ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларида Пастдарғом туманида истиқомат қилувчи, 54 ёшли фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада оғилхонада 25 кг 520 гр марихуана сақланаётгани аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозир мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш...) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.