1.Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Божхона ва Ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда мамлакатимизга контрабанда йўли билан олиб келинган катта миқдордаги гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди.
Хусусан, олинган тезкор маълумот асосида Ургут туманида истиқомат қилувчи, 1973 й.т. фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, у ҳовлисига соф оғирлиги 4 кг 988 гр бўлган “опий” моддасини кўмиб қўйганлиги аниқланиб, ушбу таъқиқланган модда ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
2.Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Божхона ва Ички ишлар бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қўшни давлатдан олиб келинган гиёҳвандлик воситаси фош этилди.
Жумладан, “Сурхондарё – Хоразм” йўналишида “Кобалт” русумли автомашинада ҳаракатланаётган, тезкор ходимлар томонидан олдиндан кузатувга олинган Термиз шаҳрида яшовчи, 1989 й.т. 2 нафар фуқаро “Саримой” блок-постида тўхтатилди.
Уларга тегишли уяли алоқа воситалари кўздан кечирилганда А-380 халқаро автомобиль йўлининг Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида гиёҳвандлик воситаси яширилганлиги маълум бўлди ва ушбу локациядан 539 гр “опий” моддаси олинди.
Аниқланишича, қонунбузарлар уни Хоразм вилоятида сотишни режалаштиришган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.