Қирғиз Республикаси Президент Садир Жапаров Қамчибек Ташиевнинг Вазирлар Маҳкамаси раҳбари ўринбосари - Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари лавозимидан озод этилганига қисқача изоҳ берди.
"Авваламбор, мен бу қарорни давлатимиз манфаатларини кўзлаб, жамиятда, шу жумладан, давлат тузилмалари ўртасида бўлинишга йўл қўймаслик, аксинча, бирдамликни мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилдим," — деган Садир Жапаров.
Қирғиз нашрлари Қамчибек Ташиев ва мамлакат президенти Садир Жапаров ўртасидаги ҳамкорлик уларнинг ҳокимиятга келишдан анча олдин бошлангани, бир қатор сиёсий жараёнларда сафдош бўлишгани, 2012 йилда бир ҳолат бўйича судланишгани, уларнинг ўзаро алоқалари мустаҳкам бўлганини ёзишганди.
Садир Жапаров мамлакат раҳбарлигига келгач, Қамчибек Ташиевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари этиб тайинлайди. Сўнгги йилларда мамлакатда қатор жиноий авторитетларнинг ҳибсга олиниши ҳамда Ташиевнинг кескин баёнотлари ортидан унинг мавқеи жуда ошиб кетганди.