Бугун 3 октябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

«Рухсат этилмаган йўналиш»: Саудия Арабистонига ҳужумлар давом этмоқда

«Рухсат этилмаган йўналиш»: Саудия Арабистонига ҳужумлар давом этмоқда

Саудия Арабистони жанубида ҳаво ҳужумлари давом этмоқда. Мамлакат бошчилигидаги коалиция иккита баллистик ракета ва тўртта дрон ҳавода ушлаб қолинганини маълум қилди.

Коалиция баёнотига кўра, ракеталар Хамис-Мушайт ва Жизон шаҳарлари устида йўқ қилинган, тўртта дрон эса Хамис-Мушайт яқинида уриб туширилган.

Кейинроқ Саудия Арабистони Фуқаро мудофааси хизмати Хамис-Мушайт шаҳрига ушланган ракеталардан бирининг парчалари тушганини хабар қилди. Идора маълумотига кўра, ракета ҳусийлар томонидан аҳоли яшайдиган ҳудудлар томон учирилган.

Ракета парчалари бир нечта бино ва автомобилларга зарар етказган. Ҳозирча жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.

Коалиция ҳусийларни тийиб туриш учун зарур чораларни давом эттиришини билдирган. Ушланган ракета ва дронларнинг келиб чиқиши бўйича қўшимча тафсилотлар очиқланмаган.

Аввалроқ, 29 сентябрь куни коалиция Мадина шаҳридаги электр тақсимлаш станциясига дрон ҳужуми уюштирилганини маълум қилган эди. Ҳужум оқибатида трансформаторлардан бири ишдан чиққан, бироқ электр тармоғи фаолиятида узилиш кузатилмаган.

Айни пайтда Ҳурмуз бўғозида танкер билан боғлиқ алоҳида ҳодиса ҳам қайд этилган. Британиянинг денгиз савдо операциялари хизмати маълумотига кўра, танкер бўғоздан ўтаётган вақтда номаълум снаряд зарбасига учраган ва кемада ёнғин чиққан.

Дастлабки маълумотларга кўра, экипаж аъзолари хавфсиз. Кемага етказилган зарар кўлами ва эҳтимолий экологик оқибатлар ҳозирча аниқ эмас.

Эроннинг Fars агентлиги маҳаллий манбаларга таяниб, ҳодиса 2,5 миллион баррел сиғимга эга супертанкер билан боғлиқ эканини хабар қилди. Агентлик маълумотига кўра, кема Уммон соҳилидан тахминан 8 километр масофада бўлган ва «рухсат этилмаган йўналиш» бўйлаб ҳаракатланган.

Танкерга ким томонидан ва қандай шароитда снаряд теккани ҳозирча аниқланмаган.

Киритилди: 21:53 02.10.2026. Ўқилди: 493 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!