Америка урушни ўрганиш институтининг (ISW) сўнгги таҳлилий ҳисоботида Россия ҳужуми суръати ўтган йилнинг ноябр ойидан бери мунтазам пасайиб бораётганини таъкидлайди. Март ойида руслар ноябр ойига нисбатан уч баравар кам ҳудудни эгаллади.
ISW’нинг геолокация тасвирлари асосидаги ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил ноябр ойида Россия қўшинлари Украинада тахминан 627 кв.км, декабрда 569 кв.км, январда 427 кв.км, февралда 354 кв.км, мартда эса 203 кв.км майдонни босиб олган.
Америка урушни ўрганиш институти ўз маълумотларини Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг 5 апрелда эълон қилинган, сезиларли даражада фарқ қилувчи маълумотлари билан таққослаш учун келтирган. Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, март ойида россияликлар 143 кв.км, февралда 195 кв.км, январда 326 кв.км, декабрда 393 кв.км ва ноябрда 730 кв.км майдонни эгаллаган.
ISW Британия ҳарбийлари бошқа ҳисоблаш усулини қўллаётган бўлиши мумкин, дея тахмин қилмоқда.
Украинанинг DeepState лойиҳаси маълумотларига кўра, Россия кенг кўламли босқин бошлангандан бери Украина ҳудудининг 68,5 минг квадрат километрини ёки 11,35 фоизини босиб олди. Илгари босиб олинган Қрим ҳамда Донецк ва Луганск вилоятларининг бир қисми билан биргаликда эса, Россия ҳозирда мамлакат ҳудудининг 18,6 фоизини ўз назорати остида сақлаб турибди.